ДУНЁ

Эрон Қуролли Кучлари Бош штаби президент Раисий вертолётининг ҳалокатга учрагани ҳақидаги дастлабки ҳисоботни эълон қилди

Эрон президенти Иброҳим Раисий ва унга ҳамроҳлик қилган делегация аъзолари бўлган 19 май куни ҳалокатга учраган вертолёт тоғ билан тўқнашгандан кейингина ёниб кетган. Вертолётда ўқ ёки бошқа зарба излари йўқ. Бу ҳақда Эрон Қуролли Кучлари бош штаби эълон қилган дастлабки ҳисоботда айтилади, деб ёзади IRNA.

Мутахассислар аварияга оид техник ва умумий маълумотлар ҳамда хулосаларни тўплади ва баҳолади, бироқ баъзи маълумотларни баҳолаш учун кўпроқ вақт керак, дейилади ҳужжатда.

Президент вертолёти белгиланган маршрут бўйлаб юрди ва ундан четга чиқмади. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳалокатга учраган вертолётнинг учувчиси ҳалокатдан тахминан бир ярим дақиқа олдин парвоз гуруҳидаги яна иккита вертолёт билан боғланган.

Ҳужжатда айтилишича, ҳалокатга учраган вертолётни қидириш тун бўйи туман, совуқ ва қийин вазият туфайли давом этган.

Навбатчи минора ва парвоз экипажи ўртасидаги суҳбатларда шубҳали ҳолатлар ҳам аниқланмади. Хабарда айтилишича, якуний натижалар тергов якунланганидан кейин оммага эълон қилинади.

Эрон президенти Иброҳим Раисий ва ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳийян 19 май, якшанба куни вертолёт қулаши оқибатида ҳалок бўлди.

Вертолётда, шунингдек, Шарқий Озарбайжон вилояти губернатори Малик Раҳматий, Табриз имоми оятуллоҳ Муҳаммад Али ал-Ҳошем, шунингдек, Эрон Инқилобий Гвардияси (ИИҚК)нинг икки юқори мартабали амалдори ва уч нафар экипаж аъзоси бўлган. Омон қолганлар йўқ. Вертолётнинг қолдиқлари 15 соат давом этган қидирув-қутқарув ҳаракатларидан сўнг топилди.

Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий мамлакатда беш кунлик мотам эълон қилди.

Муҳаммад Мухбар Эроннинг муваққат президенти этиб тайинланди. Эронда навбатдан ташқари президентлик сайловлари 28 июнь куни бўлиб ўтади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan