ТАРИХ

Тарихга назар. Сомонийлар давлатида суд тизими қандай бўлган ва у қандай номланган?

Тарихчи Баҳодир Эшовнинг Ўзбекистонда давлат ва маҳаллий бошқарув тарихи номли биринчи китобида баён этилишича, Сомонийлар Мовароуннаҳр ва Хуросонда мустақил давлат тузиш учун, авваламбор, кучли марказлашган ҳокимият тузиш кераклигини яхши тушунишган.

Бу, айниқса, Исмоил Сомоний даврида куннинг долзарб масаласига айланган. Йирик ер эгаси бўлган Исмоил, биринчи навбатда, маҳаллий задогонлар ва савдогарларнинг манфаатларини кўзлаб иш тутган. Мамлакатнинг қудратини мустаҳкамлаш мақсадида Исмоил Сомоний бир қанча ислоҳотлар ўтказган. Мана шундай ислоҳотлардан бири давлатни бошқариш маъмуриятини жорий қилиш бўлди. Бу маъмурият даргоҳ (амир саройи) ва девон (давлат идораси ва вазирликлар)дан иборат бўлган.

Давлатни бошқарувчи олий ҳукмдор амир унвонига эга бўлган.

Саройда сиёсий ҳокимият соҳиби хораснинг қўл остида бўлиб, у олий ҳукмдор фармонлари ижросини назорат қилган. Даргоҳ ҳамда бошқа муҳим давлат идораларининг хавфсизлигини амалга ошириш хизматини бош ҳожиб ва унинг ходимлари олиб борган. Саройдаги барча хўжалик ишларини вакил бошқарган.

Сомонийлар давлатида 10 та девон мавжуд бўлиб, Девони вазир (бош вазир девони)га қолган барча девонлар бўйсунган. Бош вазир девони барча маъмурий, сиёсий, хўжалик ва ҳарбий маҳкамаларни назорат қилган.

Девони қози аз-зиё (қозилик ишлари девони).

Бу девонни давлатнинг бош қозиси бошқарган. Девон барча вилоятлар ва шаҳарлардаги қозилар фаолиятини назорат қилиб турган.

Сомонийлар давлатида суд ишлари шариат қонун-қоидаларига асосланган бўлиб, улар қозилик девони томонидан бошқарилган. Суд жараёнидаги ишлар қозикалон, қозилар, муфти, раислар томонидан амалга оширилган. Вилоят ва шаҳар қозилари қозикалонга бўйсунган.

Р.М.Бегимов,Сурхондарё вилоят суди судьяси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan