TA'LIM

“Ўзбекистон-2030” стратегиясида таълим-тарбия масалалари

Маълумки, мақсад қанчалик аниқ ва равшан бўлса, унга эришиш шунчалик осон кечади. Инсонлар яхши яшаш учун ўз мақсади сари тинимсиз ҳаракат қилгани сингари жамият ва давлатлар ҳам халқининг фаровон яшаши, авлодларининг келажаги порлоқ бўлиши учун ўз манзилларини аниқлаб оладилар.

2023-йил 11-сентябрда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан тасдиқланган «Ўзбекистон – 2030» стратегияси Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини қуришдек эзгу мақсад сари ташланган муҳим қадам бўлди.

«Ўзбекистон – 2030» стратегиясини кўпчилик таҳлилчилар Халқ стратегияси деб атамоқдалар. Бешта йўналиш, юзта асосий мақсадни бирлаштирган мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатда мамлакатимиз келажаги билан боғлиқ бўлган таълим тизими ислоҳотларига асосий эътибор қаратилган. Зотан, жадид мутафаккири Абдулла Авлоний таъкидлаганларидек, «Илм дунёнинг иззати. Илм инсон учун ғоят олий ва муқаддас бир фазилатдир. Зероки, илм бизга ўз аҳволимизни, ҳаракатимизни ойна каби кўрсатур. Зеҳнимизни, фикримизни қилич каби ўткир қилур».

Илм-маърифат, таълим-тарбия, маънавият инсонни камолотга етакловчи, унга нажот, куч берувчи буюк неъмат экани, бугунги тезкор ва шиддатли дунёда янада яққолроқ намоён бўляпти.

Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш, барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш, сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш ва халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш ҳамда «хавфсиз ва тинчликсевар давлат» тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш мақсадида ишлаб чиқилган ҳужжатда 2030-йилгача болаларни мактабгача таълим билан тўлиқ қамраб олиш қатъий белгилаб қўйилди.

100 фоиз мактабгача таълим ташкилотлари тоза ичимлик суви ва замонавий санитария-гигиена инфратузилмаси билан таъминланади. Олис ва чекка ҳудудларда жойлашган 715 та умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун бепул автобуслар йўлга қўйилади.

Бундан ташқари, таълим ташкилотларига ҳар йили 500 нафар «тил эгалари» бўлган хорижий мутахассислар жалб этилади, барча умумий ўрта таълим муассасаларида касб-ҳунарларга ўргатиш курслари жорий этилиб, педагогларнинг ўртача иш ҳақи 2 баробарга оширилади, ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси эса 50 фоизга етказилади.

«Ўзбекистон – 2030» стратегиясида, шунингдек, мактаб ва маҳалла ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва шу асосда маънавий тарбиянинг узвийлигини таъминлаш, миллий қадриятлар ва маънавий меросимизни асраб-авайлаш, кенг оммалаштириш ҳамда ривожлантириш бўйича ҳам янгича ёндашувлар жорий этилиши белгиланган. Китобхонлар сонини 5 миллионга етказиш масаласига алоҳида эътибор қаратилгани эса ушбу ҳужжатда тарбия ва таълим бирламчи ўринга кўтарилганини англатади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024-йил 21-февралдаги «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги ПФ-37-сон Фармонида 2024-йил 1-мартдан бошлаб алоҳида ишлаш талаб этиладиган, шунингдек, истеъдодли ва иқтидорли ёшлар Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси қарори билан “Ёшлар баланси” асосида вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат иштирокидаги корхона ва ташкилотлар ҳамда олий таълим ташкилотлари раҳбарларига бириктирилиши белгиланди.

Мазкур раҳбарлар ҳар ойда камида бир маротаба ўзларига бириктирилган ёшлар билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва салоҳиятини юзага чиқариш, уларни талаб юқори бўлган касб-ҳунарга ўқитиш орқали бандлигини таъминлаш, ҳаётда ўз ўрнини топиши, шунингдек, ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга ҳар томонлама кўмаклашиб бориши лозимлиги белгиланди.

Шунингдек, мазкур фармонда 7,5 минг нафар ёшлар замонавий касбларга ўқитилиши, халқаро имтиҳон тизимларида чет тиллари бўйича юқори балл олган 6 минг нафар ёшларнинг имтиҳон харажатлари қоплаб берилиши, Президент ва ихтисослаштирилган мактабларнинг билимларни баҳолаш тизими қўшимча 1 000 та умумий ўрта таълим муассасаларида жорий қилиниб, фанлардаги амалий машғулотлар улуши 60 фоизгача оширилиши белгиланди.

Айниқса, 2024-йил 1-сентябрдан бошлаб Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида тажриба-синов тариқасида 100 та умумий ўрта таълим мактабларига олис ҳудудлардан қатнайдиган ўқувчилар учун аутсорсинг асосида бепул автобуслар қатнови йўлга қўйилиши режалаштирилаётганлиги воҳамиз ёшлари учун давлатимиз раҳбари томонидан берилаётган юксак эътиборнинг ёрқин намунаси бўлди.

Термиз муҳандислик-технология нститути таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари хусусиятидан келиб чиққан ҳолда вилоятдаги 25 та касб-ҳунар мактаблари, 2 та техникум, 1 та лицей ҳамда Қумқўрғон ва Қизириқ туманларида жойлашган ихтисослаштирилган мактаблар олий таълим муассасасига бириктирилган.

Институт профессор-ўқитувчилари ва докторантлари томонидан таълим муассасаларига маҳорат дарслари, ўқув семинарлар ўтказилиб, методик ва илмий жиҳатдан ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Шу кунга профессионал таълим муассасалари билан биргаликда яратилган ўқув услубий ва методик қўлланмалар сони 9 тани, биргаликда ёзилган илмий мақолалар сони 15 тани ташкил қилади.

«Ўзбекистон – 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури»да эса Нодавлат ва республикада фаолият олиб бораётган хорижий олий таълим ташкилотларида давлат грантлари бўйича кадрлар тайёрлаш ўрнини фақат кундузги таълим шаклида 1200 тага етказиш (20% га ошириш) юзасидан таклифларни шакллантириш белгиланди.

Шунингдек, давлат дастурида, бакалавриатдаги таълим тизимини тўлиқ қайта кўриб чиқиш ва мазмун жиҳатидан яқин бўлган йўналишлар бирлаштирилиб, замонавий меҳнат бозори талабларига мослаштириш, бухгалтерия, логистика, маркетинг, IT, дизайн, туризм каби бакалавриат йўналишларида ўқиш муддатини қайта кўриб чиқиш, био-муҳандислик, нано-технология, IT инжиниринг, урбанистика, яшил энергетика каби истиқболли янги мутахассисликларга ўқитишни йўлга қўйиш, муҳандислик-техник соҳасидаги 33 та давлат олий таълим муассасаларининг фаолиятини комплекс таҳлил қилиш, фундаментал илмий-тадқиқот лойиҳаларига етакчи хорижий илмий ташкилот, илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларидан ҳамраҳбар тайинлаш кабилар режалаштирилмоқда.

«Ўзбекистон – 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури»да белгиланган амалий чора-тадбирлардан келиб чиққан ҳолатда, Термиз муҳандислик-технология институтининг лойиҳа қиймати 16,6 млрд сўм бўлган асосий биноси мукаммал таъмирлаш ишлари якунланди. Таъмирлаш ишлари давомида етарли унумли фойдаланилмасдан келинаётган бино фойеси ва ошхонаси, спорт зали ҳисобига ўқув аудитория сиғими қарийб 1,5 баробарга оширилди.

Самарали “яшил энергетика”ни жорий этиш мақсадида, институт биноси томига соатига 130 кВт энергия бериш имкониятига эга бўлган қуёш панеллари ўрнатилиб, бунинг эвазига 2022 йил ноябр ойидан буён 45280 кВт энергия ҳамда 45 млн. 280 минг сўм маблағ тежалишига эришилди. “Яшил макон” умуммиллий дастурини амалга ошириш юзасидан иститутнинг 10 гектар ер майдони тўлиқ боғга айлантирилиб 5100 тупдан ортиқ мевали ва манзарали дарахтлар экилди.

2023 йилда хорижий фондлар маблағлари ҳисобига 1 та Материаллар қаршилиги (255 млн. 678 минг сўм маблағ ҳисобига) ўқув лабораторияси ва 1 та илмий Газ суюқлик хромотографияси (306 млн. 857 минг сўм маблағ ҳисобига) лабораторияси келтирилиб ўқув ва илмий соҳада қўлланилиши йўлга қўйилди.

Институтнинг бош биносида маънавият сектори учун жой ажратилган бўлиб барча жиҳозлар ва тарғибот воситалари билан таъминланди. Бинонинг кириш қисмига жадидлар номли композициялар жойлаштирилган. Шунингдек, ушбу қаватда Сурхондарё воҳа адиблари, шоир ва рассомлар портретлари жой олди.

Маънавият сектори қошида “Чағаниён” талабалар театр студияси, “Жануб муҳандислари” ҚВЗ жамоаси, “Заковат”, “Ёшлар клуби”, “Ҳаваскорлик ансамбллар”, “Тафаккур синовлари”, “Роботехника”, “Компьютер саводхонлиги”, “Компьютер графикаси”, “Интернетдан фойдаланиш”, “Ахборот хавфсизлиги” “Муҳандислар” спорт клубида футбол, волейбол, стол тенниси, шахмат каби спорт турлари бўйича тўгараклар ташкил этилди. Институтда “Шахмат клуби”нинг ташкил этилиши талаба-ёшларимизнинг бўш вақтларидан унумли фойдаланишда муҳим аҳамият касб этди.

Маънавият сектори хонасида ёшларни миллий қадрият ва урф одатларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида миллий қадриятлар бурчаги ташкил этилди ҳамда Давлат рамзлари, Президент портрети, Янги Ўзбекистон, янгича дунёқараш номли композитсиялар, сектор низоми, ташкилий тузилмаси, йўриқномаси, ҳар бир йўналиш бўйича йиғма жилдлар ва бошқа зарурий жиҳозлар билан таъминланди.

2023 йилда институт профессор-ўқитувчилари томонидан тайёрланган
9 та дарслик, 23 та ўқув қўлланмаларига чоп этиш учун рухсат берилди. Илмий даража (PhD) олган профессор-ўқитувчилар сони 2023 йилда 18 нафарни, илмий унвон олган профессор-ўқитувчилар сони 5 нафарни, таянч докторантурага қабул қилинган сони 7 нафарни, стажёр-тадқиқотчилар сони 2 нафарни ташкил этди.

Чоп этилган монографиялар сони 2023 йилда 28 тани, Scopus va Web of Science маълумотлар базаси журналларида 44 тани, халқаро журналларда мақолалар сони 226 тани, республика журналларида мақолалар сони 182 тани, халқаро ва республика анжуманларида чиқарилган тезислар сони 642 тани ташкил этади.

2023 йилда хориж (Россия Федерацияси, Қозоғистон, Финландия, Беларус, Туркия, Бангладеш, Ҳиндистон)дан ташриф буюрган профессор-ўқитувчилар сони 15 нафарни, таянч олий таълим муассасаларидан ташриф буюрган профессор-ўқитувчилар эса 26 нафарни ташкил этди.

Энг муҳими, Термиз муҳандислик-технология институти 2023 йилда миллий рейтингда юқори поғоналарга кўтарилишга эришди. 2022 йилда олий таълим муассасалари рейтинги натижалари бўйича институт 65 ўринни эгаллаган бўлса, 2023 йилда республикамизнинг 76 та олий таълим муассасалари ичида 43 ўринни эгаллагани шубҳасиз институт жамоасининг самарали меҳнати натижасидир.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур стратегик аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қуруқ рақамлардан ёки асоссиз дастурлардан иборат эмас. «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида белгиланган ҳар бир йўналиш ва вазифаларнинг молиявий манбалари ҳал этилиб, шу кунларда уларнинг ижроси таъминланиши аниқ белгиланган. Белгиланган вазифалар янада самарали бўлиши учун эса Давлат раҳбари томонидан таъкидланганидек, вақтни – имкониятга, имкониятни – ютуққа, ютуқни тараққиёт пойдеворига айлантиришимиз керак. Зеро, ягона мақсадимиз Ватанимизни кучли ҳуқуқий давлат ва фаровон фуқаролик жамиятига айлантиришдир.

Ўрал Ахмедов, Термиз муҳандислик-технология институти ректори

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan