Uncategorized

Хусусий олий таълимга оид саволга жавоб

Diyor24.uz сайти таҳририятига кўплаб юртдошларимиздан хусусий олий таълим муассасалари фаолияти билан боғлиқ саволлар йўлланди. Ижодий гуруҳимиз уларга ойдинлик киритиш мақсадида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи Шерхон Кичкилов ҳузурида бўлди.

-Ассалому алайкум, Шерхон Ҳамзаевич айни пайтда аҳоли ўртасида хусусий олий таълим муассасалари фаолияти билан боғлиқ тушунмовчиликларга дуч келяпмиз. Хусусан, Valley innovative university, Туркистон янги инновациялар университети, Тошкент технологиялар университети, Наманган ҳалқаро университети, Урганч шахридаги Вinary халқаро университети лицензияси бекор қилиниши билан боғлиқ масалалар туфайли бу жараён бизнинг вилоятдаги ёки бошқа хусусий олий таълим муассасаларига қай даражада тааллуқли деган савол ўртага қўйилмоқда?

-Ваалайкум ассалом. Бу хусусда мен авваламбор гапни Президентимизнинг 2019 йил 8 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-5847 сонли фармонларида келтирилган устивор вазифалардан бирини келтириб ўтиш билан бошламоқчиман. Яъни ушбу фармонда “… олий таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, ҳудудларда давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш асосида олий таълим билан қамров даражасини 50 фоиздан ошириш, соҳада соғлом рақобат муҳитини яратиш” белгиланган.

Шундан келиб чиқадиган бўлсак, мамлакатимиз олий таълим тизимида нодавлат сектор фаолияти ҳам қўллаб-қувватланади ва бу йўналишдаги ишлар давом эттирилади. Аммо, бошқа ҳар қандай давлат ёки нодавлат сектордаги бўлгани каби мазкур соҳада ҳам фаолиятни қонун талаблари доирасида ташкил этиш талаб этилади. Аксинча бўлса, зарур чоралар кўрилади.

Албатта, сиз номларини келтирган хусусий олий таълим муассасалари фаолияти ҳам ана шу сабабдан тўхтатилмоқда. Айнан қандай чора-тадбирлар кўрилаётгани ҳақида эса Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги даражасида батафсил маълумотлар берилмоқда.

Энди мен ўзимизнинг вилоят даражасидан келиб чиқиб айтишим мумкинки, Сурхондарёда ҳозир ягона хусусий олий таълим муассасаси Термиз иқтисодиёт ва сервис университети фаолият юритади. Ушбу университет фаолияти юзасидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан 2023 йил май ойида ўтказилган ўрганишларда тегишли Низом талаблари бузилиши аниқланмаган. Балки, университет фаолиятини кенгайтириш, янада ривожлантириш бўйича ишлар олиб борилаётганини айтмоқчиман.

Абитуриентлар ҳеч иккиланишларсиз бу муассасага ҳужжат топширишларига, талабалар эса ўқишни давом эттиришларига монеълик қиладиган сабаблар мавжуд эмас. Университет лицензияси чекланмаган муддатга берилган.

Бошқа олий таълим муассасалари қаторида Термиз иқтисодиёт ва сервис университетига ҳам Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда вазирликнинг Сурхондарё ҳудудий бошқармаси томонидан услубий ёрдамлар берилмоқда ва улар келгусида ҳам давом эттирилади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan