TA'LIM

Навоий ва Бобур ҳазратларининг ижодини ўрганишга бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди

Ангор тумани “Илғор” маҳалласида жойлашган 31-сонли мактабда буюк шоир ва мутафаккир, давлат арбоби Низомиддин Мир Алишер Навоий ҳамда шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд кунига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирда мактаб ўқувчилари саҳна кўринишлари, ҳар икки алломанинг асарлари, ғазал ва рубоийларидан ижро этишди.

Шунингдек, ўқитувчилар Мир Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳазратларининг ҳаёти, ижоди, қолдирган илмий мероси, асарларидаги яхшилик тўғрисидаги фикрларни билдирди.

Ҳазрат Навоий нафақат улуғ мутафаккир, шоир, балки ўз халқи, миллати тақдирига бефарқ бўлмаган буюк мураббий ҳам эди. У ўз умри интиҳосида ҳам миллат ва халқ дарди билан яшади. Асарларида жамият билан боғлиқ орзу-умидларини ифодалади. Унда жамият ҳаётини юксалтириш, тўғри йўлга солиш ва шахс маънавиятини тарбиялаш каби ўзининг сўнгги армонларини васият қилиб қолдирди.

Тадбир давомида буюк мутафаккир шоир, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди. Бобурнинг мураккаб ҳаёт йўли, ватан соғинчи унинг гўзал ғазалларида ўз ифодасини топган.

Бобур ижодида, шеъриятида киндик қони тўкилган она юртини дил-дилдан қўмсаш, унинг тупроғига талпиниш, ғариблик азобларидан ўтли ҳасрат, ёру диёр согинчи ва висол илинжи, тақдир зарбалари ва турмуш уқубатлари, замона носозликларидан нола бадиий таҳлил этилади.

Дарҳақиқат, Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур халқимиз учун қолдирган бой меросларини ўқиб-ўрганиш орқали инсон ва унинг маънавий юксалишига катта ёрдам бериши шубҳасиз.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan