Олий таълим вазирлиги Қорақалпоғистондаги интернет билан боғлиқ муаммолар туфайли республикадаги абитуриентлар учун ОТМларга қабул муддати узайтирилишини маълум қилди.
Кеча, 10 июль куни, ОТМнинг чет тилидан касбий (ижодий) имтиҳон ўтказиладиган таълим йўналишлари ҳамда академик лицейларга қабулнинг сўнгги куни эди. Таъкидланишича, ҳозирда Қорақалпоғистон ҳудудида интернет тизимида айрим техник носозликлар туфайли ҳужжатларни онлайн топширишда узилишлар кузатилмоқда.
“Аммо хавотирга ўрин йўқ. Бу жараён ҳукумат томонидан тўлиқ назоратга олинган бўлиб, ҳозирда ҳужжат топширишга улгура олмаган қорақалпоғистонлик ёшлар учун онлайн рўйхатдан ўтиш муддати узайтирилиши кутилмоқда”, – дейилади вазирлик хабарида.
Қайд этилишича, ушбу масала тез орада ижобий ечимини топади ва бу ҳақидаги маълумот қорақалпоғистонлик абитуриентлар ҳамда уларнинг ота-оналарига (Beeline, Uzmobile, Ucell, UMS, Perfectum mobile) SMS хабар тарзида, шунингдек, ҳудудий телеканаллар орқали етказилади.