ДУНЁ

Коронавирус Нобель тинчлик мукофотига номзодми?

“Коронавирус- Нобель тинчлик мукофотига номзодми?” – худди шу сарлавҳа остида atlantiko.fr саҳифасида мақола чоп этилди. Француз нашри шарҳловчиси Ален Родьенинг тан олиб айтишича, сарлавҳа атайин киноя оҳангида қўйилган, чунки эпидемиядан кўплаб одамлар, жумладан, шифокорлар ўлмоқда. Ҳатто касбий фаолияти пайтида касаллик юқтирганларни “мамлакат шарафи учун ҳалок бўлганлар” сафига қўшиш лозимлиги ҳақида  таклифлар ҳам янграган, зотан француз президенти Макроннинг ўзи  пандемия қаршисида давлат уруш ҳолатида эканлигини бир неча бор таъкидлаб  ўтган.

Муаллиф бир вақтнинг ўзида одатий муаммолар барча ерда барҳам топаётганига алоҳида урғу беради, унингча, бундан фақат Африка қитъаси мустасно, чунки бу жойда жиҳодчилар кўпайишда давом этиб, мақсадлари учун қулай фурсатдан  фойдаланишмоқда.

Америкаликлар Россия чегараси яқинида Европадаги кенг кўламли ҳарбий ўқув машқларини ўтказишдан воз кечишди. Россия ҳам жавобан Европа чегараларидаги машғулотларини тўхтатди. Узоқ Шарқдаги таранглик  сезиларли сусайди. Муаллифга кўра, фақат у ерда Шимолий Корея ракеталар билан таъсир кўрсатишда давом этяпти, бироқ унинг аҳолисига коронавирусдан кўра очлик дахл солмоқда.

Ҳарбий кемалар ўз қирғоғига қайтган, сиёсатчилар ҳар қандай лаҳзада зарба бериш билан қўрқитишмаяпти. Фақат Эрон, гарчанд АҚШ Ироқдан қўшинларини олиб чиқаётган эса-да, Ўрмуз кўрфазида мусстаҳкамланмоқда, бу Эроннинг ўзи эпидемияга учрагани ҳолатида кузатиляпти. Саудия Арабистони Яманга қарата камида икки ҳафтага ўт очилиши амалаётини тўхтатганини эълон қилди.

Ҳеч ким Украинани эсламай қўйди, деб ёзади муаллиф. У ерда қандайдир жанглар бўляпти, лекин оммавий ахборот воситаларида етарли ёритилмаганидан, жанг қилаётганлар ўзларини йўқотиб қўйгандек ҳис қилишяпти.

Ниҳоят, кўплаб мамлакатларда,  жумладан, Исроил ва Саудия Арабистонида диний жойлар ёпилган. Дин кўпларга умид бағишласа-да, бу манзиллардан нафрат уйғотувчи мақсадларда  ҳам фойдаланиб келишган, деб ёзади муаллиф Atlantico.fr сайтидаги мақоласида.