ХАБАРЛАР

Жарқўрғонда электрдан қарз бўлган жамият ҳисобидан 4.2 млрд. сўм ундирилди

Кундалик ҳаётимизда электр энергияси ва табиий газнинг қанчалик аҳамиятга эга эканлиги барчамизга маълум. Энергия ресурсларини истеъмолчилар талабларига мос равишда етказиб бериш таъминотчи корхоналардан катта куч ва маблағ талаб этади.

Лекин, айрим истеъмолчилар томонидан етказиб берилган электр энергияси ва табиий газ учун тўловларни ўз вақтида амалга оширмасликлари оқибатида, энергия ресурслари тармоғидан ажратилиб, қарздорликлар суд тартибида ундирилиши белгиланиб, Мажбурий ижро бюроси органларига ижро ҳужжатлари юборилмоқда.

Фойдаланилган электр энергияси ва табиий газ тўловларидан бўйин товлаётган истеъмолчилардан қарздорликларни ундиришга доир суд қарорлари ижросини таъминлаш борасида муайян ишлар қилинмоқда.

Мисол учун, Бюронинг Жарқўрғон туман бўлими томонидан олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида туманда фаолият юритиб келаётган “Nortex style” масъуляти чекланган жамиятининг
4 млрд. 200 млн. сўм электр энергиясидан бўлган қарздорлиги учун жамиятга тегишли бўлган мол-мулкларига нисбатан тақиқ ўрнатилиб, барча ҳисоб рақамларига банд солинди.

Натижада ушбу қарздорлик тўлиқ ундириб олинди ва қарздор жамиятга нисбатан қўлланилган чеклов чоралари бекор қилиниб, ижро ҳужжати амалда тамомланди.

Бу борадаги тадбирлар вилоят бўйлаб давом эттирилмоқда.

Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилояти бошқармаси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan