
Бугун, 22 январь куни Шимолий Атлантика альянси сўнгги ўн йилликлардаги энг йирик тўрт ойлик машғулот – “Steadfast Defender 2024”ни бошлайди. Унга 90 мингга яқин ҳарбий жалб этилади. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Машғулотлар сценарийсига кўра, Россия альянсга аъзо давлат ҳудудига ҳужум қилади ва НАТО жамоавий мудофаа шартномасининг 5-моддасини ишга туширади, яъни Россия ва НАТО кучлари тўқнашади.
“Steadfast Defender 2024”да НАТОга аъзо барча давлатлар ва альянсга киришга номзод Швеция иштирок этади. Машқларда самолёт ташувчилардан тортиб эсминецларгача бўлган 50 дан ортиқ кемалар, шунингдек, 80 дан ортиқ қирувчи самолётлар, вертолётлар ва дронлар, камида 1100 та жанговар машина, шу жумладан 133 та танк ва 533 та пиёда жанговар машинасидан фойдаланилади. Май ойи охиригача давом этадиган манёврлар Европа ҳудудини Норвегиядан Руминиягача қамраб олади.
Маълумот учун, бугунга қадар сўнгги ўн йилликларнинг энг йирик манёврлари 2018 йилда 50 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчилар иштирок этган Trident Juncture ҳисобланган. 1988 йилда эса НАТО 125 мингдан ортиқ аскарни қамраб олган сўнгги жуда катта кўламдаги машқларни ўтказган.