ДУНЁ

Хитойда аҳоли кескин камаймоқда

2023 йилда Хитойнинг умумий аҳолиси 2,08 миллион кишига қисқарди.

Бу ҳақда ХХР Давлат статистика бошқармасига таяниб, Reuters агентлиги хабар берди. Бу 1961 йилдан бери илк қисқариш юз берган 2022 йилдагига (- 850 минг кишига) қараганда анча юқори.

Aҳолининг камайишига сабаб туғилишнинг рекорд даражада пастлиги ва коронавирусга қарши қатъий чоралар бекор қилинганидан кейинги ўлим тўлқини бўлди. Ўтган йили жами ўлимлар 6,6 фоизга ўсиб, 11,1 миллион кишини ташкил қилди, ўлим даражаси 1974 йилдан бери энг юқори даражага етди.

Хитойда янги туғилган чақалоқлар сони ҳам 5,7 фоизга камайиб, 9,02 миллион нафарни ташкил этди, туғилиш коэффициенти эса рекорд даражада паст бўлди — ҳар минг кишига 6,39 бола. 1980 йилдан 2015 йилгача олиб борилган «бир бола – бир оила» сиёсати ва жадал урбанизация натижасида мамлакатда туғилиш даражаси кескин пасайиб бормоқда.

Хитойда эркаклар сони 720,32 миллион кишига (0,2 фоизга пасайиш), аёллар сони 689,35 миллион кишига (0,04 фоизга камайиш) етди. Меҳнат ёшидаги (16 ёшдан 59 ёшгача) фуқаролар улуши 61,3 фоизни ташкил этди – 2022 йилга нисбатан 0,7 фоизга кам. Мамлакатда 65 ёшдан ошганлар эса 216,76 миллион киши бўлиб, уларнинг сони 3,3 фоизга ошган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan