ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Музработлик фуқаро ваҳима уйғотувчи ёлғон маълумот тарқатганлиги учун жазо тайинланди

Шу кунларда, баъзи ижтимоий тармоқларда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 март кунидаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5969-сонли Фармони талабларини қўпол равишда бузиб, айни вақтда Республикамизнинг барча ҳудудларида Коронавирус пандемияси туфайли эълон қилинган карантин вақтида фуқароларни ваҳимага солувчи ва ҳуқуқтартиботни бузишга ундовчи миш-мишлар тарқалишининг гувоҳи бўлаяпмиз ва қайсидир маънода уларга ишониб ҳам қолаяпмиз.

Жорий йилнинг 20 март куни, Сурхондарё вилоят ИИБ Тезкор қидирув ҳамкорлик бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-техник тадбирлар давомида, “Telegramm” мессенжеридаги @GroupSurxondaryo каналининг фойдаланувчиси “A N Z O R” деб номланган профил эгаси 2020 йил 20 март куни соат 12:38 да @GroupSurxondaryo гуруҳига каронавируси ҳақида яъни, “Jo`rabayevada Bor ekan 2 kishi aniqlandi 30 daqiqa oldin”-деган, мазмунда одамларни чалғитувчи, жамиятда ваҳима уйғотувчи ёлғон маълумот тарқатганлиги маълум бўлди.

Тезкор қидирув ҳамкорлик бошқармаси масъул ходимлари томонидан қўшимча олиб борилган тезкор суриштирув ишлари натижасида, “Telegramm” мессенжерида “@GroupSurxondaryo”- деб, номланган гуруҳга ёлғон маълумот тарқатган “A N Z O R” номли профил эгаси ва фойдаланувчиси- Сурхондарё вилояти Музработ туманида истиқомат қилиб, Термиз шаҳрида савдо шаҳобчаларининг бирида сотувчи бўлиб ишлаб келаётган фуқаро Анзоржон Бердиқулов эканлиги аниқланди.

Унга нисбатан қонунда белгиланган тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Маъмурий ишлар бўйича Термиз шаҳар судига юборилди.

2020 йилнинг 23 март куни Маъмурий ишлар бўйича Термиз шаҳар судининг қарорига кўра, фуқаро Бердиқулов Анзоржон Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 205-моддасида кўрсатилган (Фавқулодда ҳолат тартиби шароитида жамоат тартибига тажовуз қилиш) ҳуқуқбузарлигини содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 (беш) баравари, яъни 1.115.000 (бир миллион бир юз ўн беш минг) сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Юқорида аниқланган “миш-миш”лар аҳоли ўртасида шов-шувларга сабаб бўлиб, ҳалқимизнинг энг аввало бир бирига бўлган ишончини, аҳиллигини қолаверса тинчлиги ва фаровонлигини бузишдан бошқасига ярамайди.

Азиз фуқаролар, ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган ҳар хил турдаги норасмий маълумотларга ишонмасликларингизни илтимос қилиб қолар эдик.

Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати