
Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазири Сирим Шарипхонов “ArselorMittal Temirtau” компанияси раҳбарларини Костенко конидаги портлаш учун жавобгар деб ҳисоблаяпти. Бу ҳақда “Informburo.kz” хабар берди.
Шарипхоновнинг қайд этишича, ҳукумат комиссияси 28 кишини ҳодиса учун жавобгар деб топган. Шунингдек, иш берувчининг 100 фоиз айби борлиги маълум бўлган.
“Булар оддий ходимлар эмас. Бу бевосита масъул бўлган муҳандислик ва техник ходимлардир. Ҳукумат комиссияси натижасида 28 кишининг айбдорлигини аниқладик. Хусусан, улар AMT бош директори Владимир Яблонский, кадрлар бўлими директори Елена Винокурова, AMT кўмир бошқармаси техник директори Андрей Белий, AMT кўмир бошқармаси ижрочи директори Сергей Огай”, дейди вазир ҳукуматдаги брифингда.
Унинг қайд этишича, материаллар тергов органларига топширилган, энди судга юборилади.