Мустақиллигимизнинг 34 йиллигига:
Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган Сариосиё туманидаги “Тўпаланг“ сув омборидан 361 километр масофага магистрал қувур ётқизиш орқали Сурхондарё вилоятидаги 1 миллион 700 мингдан ортиқ аҳолини экологик тоза ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳаси жадал суръатларда давом этмоқда. Ҳозир Сариосиё, Денов, Шўрчи туманларида аҳоли фойдали минералларга бой оби ҳаётдан фойдаланмоқда.
Жорий йил якунигача лойиҳа тўлиқ ишга туширилиб, Термиз шаҳри ва ўн учта туманнинг ичимлик сув таъминоти тубдан яхшиланади.

Ватанимиз мустақиллигининг 34 йиллиги арафасида “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Аҳмад Сувонқулов Сурхондарё вилоятида бўлиб, лойиҳа доирасида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди. Жойларда нуронийлар билан учрашиб, йирик маблағ ва катта меҳнат эвазига олиб келинаётган сувдан оқилона фойдаланиш ҳусусида фикр алмашди.Бандихон туманида бўлган Аҳмад Сувонқулов Обод турмуш маҳалласида барпо этилган ўн минг куб-метр сув сиғимига эга сув тақсимлаш иншоотидан Сарой сув тақсимлаш иншооти орқали 200 метр масофада Хўжаипок сув қувуригача тортилиб, магистрал тармоққа уланган жараёнларни кўздан кечирди.
Туманда амалга оширилган бу ишлар еттита маҳалладаги 14 мингдан ортиқ истеъмолчини узлуксиз оби-ҳаёт билан таъминлаш имкониятини яратди. “Тўпаланг” сув тармоғининг Хўжаипок магистрал сув қувурига уланиши воҳанинг Бандихон, Қизириқ, Шеробод, Ангор ва Музработ туманларидаги 69 та маҳаллада яшайдиган 193 минг кишининг сув таъминотини тубдан яхшилайди. Шунингдек, Хўжаипок туманлараро ичимлик суви ишлаб чиқариш ва тарқатиш бўлими насосларининг ишлаш қувватини 60 фоизга қисқартириб, ойига 450 миллион сўмлик 504 минг кВт.соат электр энергиясини тежайди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрациясининг шу йил 22 июндаги топшириғи ижросини таъминлаш учун Олтинсой туманидаги Мингчинор маҳалласи ҳудудида ҳам тўрт минг куб-метр сув сиғимига эга замонавий сув тақсимлаш иншооти бунёд этилди. Олтинсой тумани маркази ва ўнта маҳаллани сифатли ичимлик суви билан таъминлайдиган иншоотни ишга тушуриш учун “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти маблағи ҳисобидан 12 километр сув қувури ётқизилиб, битта насос станцияси барпо этилди. Иншоот мустақиллигимизнинг 34 йиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилади.
“Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти раҳбари Олтинсой туманида олиб борилаётган ишлар билан танишиб, туман ҳокими ва бошқа мутасаддилар иштирокида қурилиш ишлари сифатини ўрганди.
Мустақиллик шарофати билан бунёд этилаётган янги лойиҳанинг ишга туширилиши туманнинг ўнта маҳалласида истиқомат қиладиган 38 минг 700 кишини барқарор ва шифобахш ичимлик суви билан таъминлайди. Маҳаллалардаги 22 та алоҳида турувчи сув иншоотлари иши тўхтатилиб, ҳар ойда 38 минг 160 кВт электр энергияси ёки 34 миллион сўмдан ортиқ маблағ иқтисод қилинади.
Айни пайтда туман аҳолиси истеъмол қилаётган оби ҳаётнинг қаттиқлик даражаси 7-8 миллиграмм-эквивалентни ташкил этаётган бўлса, ўз оқими билан келадиган “Тўпаланг” сув омбори сувини истеъмол қилиш бу кўрсаткични 3-4 миллиграмм-эквивалентга камайтиради. Бу ишлар истеъмолчиларнинг фойдали минералларга бой ичимлик сувидан узлуксиз баҳраманд бўлишига қулай имконият яратади.