ДУНЁ

Politico: АҚШ Яқин Шарқда юзага келиши мумкин бўлган янги урушга тайёрланмоқда

АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Яқин Шарқдаги можаро кенгайиб, бутун минтақага тарқаладиган бўлса, жавоб чораларини ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда манбаларга таяниб, Politico хабар берди.

Манбаларга кўра, сўнгги кунларда Ироқ, Ливан ва Эронда содир бўлган тўқнашувлар ортидан можаронинг кенгайиши эҳтимоли ортиб бормоқда. Бу эса АҚШ маъмурияти расмийларини уруш “расмий равишда Ғазо сектори чегараларидан чиқиб кетиши”га ишонтирган.

Politico суҳбатдошларининг айтишича, ҳозирда АҚШ ҳарбийлари Қизил денгизда савдо кемаларига бир неча бор ҳужум қилган Яман ҳусийларига қарши жавоб қайтариш режасини ишлаб чиқмоқда. Разведка ходимлари Ироқ ва Суриядаги АҚШ кучларига бўлажак ҳужумларни башорат қилиш ва олдини олишга, шунингдек, ҳусийларнинг кейинги ҳужумлари учун эҳтимолий нишонларни аниқлашга ҳаракат қилмоқда.

Шунингдек, манбаларнинг таъкидлашича, АҚШ бир неча ойдан бери Теҳронни ўз ишончли вакиллари орқали ҳусийларни ҳужумларни тўхтатишга кўндиришга ундамоқда, аммо ҳусийларнинг бу амалиётлардан воз кечишига ишора йўқ.

Politico қайд этишича, Яқин Шарқда тобора кучайиб бораётган можаро нафақат минтақа хавфсизлигига, балки президент Байденнинг қайта сайланиш имкониятига ҳам таҳдид солмоқда. Нашрнинг таъкидлашича, 2024 йилда сайловчилар “ушбу сайловда асосий ташқи сиёсат масаласи — Америка ташқи можароларда қанчалик иштирок этиши кераклиги ҳақида ўз сўзини айтиши мумкин”.

Исроил ва Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати ўртасида уруш бошланганидан кейин Қўшма Штатлар Тель-Авив ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди ҳамда унга молиявий ва ҳарбий ёрдам кўрсатишда давом этмоқда.

Айни пайтда АҚШнинг Ироқ ва Суриядаги ҳарбий базалари ва коалиция кучларига ҳужумлар тез-тез кузатилмоқда. Умуман олганда, Вашингтон 2023 йил 17 октябрдан буён 120 га яқин ҳужумларни қайд этди, уларнинг аксарияти ҳужумчи дронлар, ракеталар ёки ҳар иккаласи ёрдамида амалга оширилди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan