ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Тошкентда тенгдошини пичоқлаган 9-синф ўқувчисига ҳукм ўқилди

Тошкентда ҳақорат ортидан тенгдошини пичоқлаган 9-синф ўқувчиси 3 йилга қамалди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.

Унга кўра, жорий йилнинг 4 июль куни соат 16:00 ларда Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги мактаблардан бирида 16 ёшли ўқувчи тенгдоши билан ўзаро келишмовчилик туфайли уришади. Муштлашув атрофдагиларнинг аралашуви билан тугайди.

Бироқ, шу куни кечқурун ўсмирлар телефон орқали гаплашиб, яна бир-бирини сўкишни бошлайди.

Шундан сўнг ўсмирлар ораларидаги низони ҳал қилиб олиш баҳонасида Тошкент шаҳри Юнусобод тумани 15-мавзесида жойлашган “Ўзбекистон Мустақиллиги” маҳалласининг маъмурий биноси олдида учрашади. Аввалига айбланувчи тенгдошини калтаклаб, унга тан жароҳати етказади. Кейин эса ёнидаги пичоқ билан ўсмир танишининг бел соҳасига зарба беради. Экспертиза хулосасига кўра, пичоқланган йигитнинг жароҳати ҳаёт учун хавфли деб топилади. 

Оқибатда 16 ёшни тўлдирганига бир неча кун бўлган мактаб ўқувчиси оғир жиноят содир этганликда гумонланиб қўлга олинади.

«Ҳолат юзасидан Жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани суди айбланувчини Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисмида келтирилган жиноятни содир этганликда айбли деб топиб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 85-моддаси тартибида 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Жазони тарбия колонияларида ўташ белгиланди», дейилади матбуот хизматининг хабарида.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan