ЖАМИЯТ

Депутат: “UzAuto Motors” халққа ошноми ёки…

Адолат партияси “UzAuto Motors” автомашиналарнинг нархларини оширгани юзасидан ўз норозилигини бирдириб ўтибди. Биз депутатнинг эътиборга молик фикрларини қуйида сизларга ҳавола этамиз:

“Биринчидан, нега “UzAuto Motors” на сайтида, на бирор бир бошқа оммавий ахборот воситаларида нархлари ошганини расмий хабар ва тушунтириш тарзида маълум қилмаяпти? Худди айб иш қилаётгандек, сайтнинг ички қисмидаги нархнома ими-жимида янгилаб қўйиш, эълон қилишга кирмайди.

Иккинчидан, хўп нархлар ошишга ошибди. Бироқ нима сабабдан, умумий қилиб қайси омиллар туфайли ошганини истеъмолчи билишга ҳаққи борми ёки йўқми?

Учинчидан, нега айнан халқимиз орасида энг талабгир ҳамда “эконом” ҳисобланган Damas, Spark, Nexia, Cobalt ва Lacetti каби автомобиллар нархи оширилмоқда. Ойликка қараб қолмаган, нисбатан ўзига тўқлар ҳарид қиладиган Malibu 2, Tracker, Trailblazer, Equinox, Traverse ва Tahoe нархлари эса ўзгартиришсиз қолмоқда. Ёки бу “Камбағални туяни устида ҳам ит қопади” нақлининг амалдаги ифодасими?

Тўртинчидан, оширилган нархлар экспортга чиқарилаётган машиналарга таалуқлими? Ўзи нима учун “UzAuto Motors” ҳанузгача экспортга ички бозордан анча арзон нархда автомобил сотмоқда. Мисол учун бизда 30 000 минг АҚШ долларидаги Malibu 2, бошқа давлатларда икки баробар арзон нархларда сотилмоқда. Агарда буни валюта оқимини кўпайтириш билан деб изоҳламоқчи бўлсангиз, бошқа янгироқ баҳона топинг, ҳозир банкларимизда истаганча валюта ҳарид қилишингиз мумкин.

Бешинчидан, мамлакатимиз ички бозорида ҳамёнбоп автомобиллар сотуви бўйича бошқа давлатлар автомобиллари сотуви йилдан йилга ошиб бораётган бир шароитда маҳаллий ишлаб чиқарувчимизнинг нархларни ошириш тўғрисидаги қарори қайси бозор қонуниятларига тўғри келади? Бу очиқдан-очиқ бозорни қолганларга бўшатиб қўйишга ҳаракатга ўхшаб кўринмаяптими? Ёки суъний равишда касотга (банкрот) учратиш назарада тутилганми, агар ундай бўлса 20,0 минг яқин ишчилар, қоракўзларимиз тақдири нима бўлади?

Хуллас саволлар кўп, аммо ҳозирча жавоблар йўқ.

Шу ўринда кўпчиликни бир мулоҳоза қизиқтираяпти. Дарҳақиқат, юқоридаги нархлари оширилган машиналар энг харидоргир ҳисобланади. Уларнинг сотиб олувчилари миқдори ҳам юқори. Шу ўринда талабнинг юқорилигини инобатга олган ҳолда, улар нархини бироз арзонлаштириб, яна ҳам кўп машина сотувини йўлга қўйиш орқали фойдани кўпайтириш ҳам мумкин-ку. Ахир бу ҳам оддий бозор қонунияти-ку.

Бундан ташқари “UzAuto Motors” керагидан кўра ёпиқроқ бўлгани кўпинча унга тегишли ҳар бир хабарни жамиятимиз норозилик кайфияти билан кутиб олади. Нархлар нимага асосланиб оширилди, машиналар тан нархи қайси мезонлар асосида шакллантирилади каби кўплаб масалалар очиқ, ошкора бўлганида миллий автосаноатимизга бу қадар кўп эътирозларлар ёғилмас эди.

Умид қиламизки, “UzAuto Motors” мутасаддилари юқоридаги саволларга батафсил жавоб беришади ҳамда агар мақсадлари фойда кўриш бўлса, бундан кейинги фаолиятларини бозорнинг табиий қонуниятлари асосида йўлга қўйиш ҳаракатини бошлашади”.

Мақсуд ҚУРБОНБОЕВ

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси