КОРРУПЦИЯ

КОРРУПЦИЯ – ТАРАҚҚИЁТГА ТАҲДИД

Дарҳақиқат, ҳозирги кунда дунё миқёсида ҳал этилиши лозим бўлган энг бирламчи масалалардан бири коррупция муаммосидир. Шу боис унга қарши кураш халқаро миқиёсга кўтарилиб, жаҳон сиёсатининг муҳим масалаларидан бирига айланди. Бинобарин, ушбу иллат нафақат ислоҳотлар йўлига жиддий тўсиқ бўлиши, балки ўтиш даврида белгиланган мақсадларга эришишга ҳам бевосита таҳдид туғдириши барчага маълум.

Коррупция ва порахўрлик бутун жамият тараққиётига тўғаноқ бўлиб, давлатни ич-ичидан емиради. Бу иллат сабабли кўплаб давлатлар инқирозга юз тутган.

Тарихдан биламизки, турли цивилизациялар ва давлатларнинг  инқирозга юз тутишининг энг асосий сабабларидан бири сифатида, турли даражадаги давлат арбоблари ва хизматчиларининг тамагирлик қилиши, ўз манфаатини давлат манфаатларидан устун қўйишини кўрсатиш мумкин. Чунки бу ҳолатда давлат хизматчиси томонидан давлат ва жамият манфаатларига фойда келтирадиган эмас, ўзининг ёки танишларининг манфаатига хизмат қиладиган қарор қабул қилинади. Қоррупция даражаси юқори бўлган давлатларда ривожланиш бўлмайди. Чунки, коррупция ўз табиатига кўра, ҳар қандай ислоҳотнинг илдизига болта уради.

Шу сабабли, аксарият тараққий этган дунё давлатлари томонидан коррупцияга қарши курашиш асосий вазифа этиб белгиланган.

Мамлакатимизда ҳам мустақиллик йилларида коррупцияга қарши курашиш мақсадида қатор чора-тадбирлар дастурлари ишлаб чиқилиб, самарали амалга оширилиб келинмоқда.

Тараққиётининг янги босқичига қадам қўяётган Ўзбекистон учун ҳам коррупциянинг ҳар қандай шаклдаги кўриниши ислоҳотлар шиддатини сусайтириши билан хавфли.

Шу боисдан ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз ваколатига киришиши билан Президент сифатида имзо чеккан энг биринчи ҳужжат “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни бўлди.

Инсон борки, нафс бор, инсон борки, хатога йўл қўяди. Нафс, манфаат туфайли инсонлар ноҳақдан ноҳақ амалдорларнинг адолатсиз ҳукмлари жабрини чекади.

Коррупция жамиятдаги иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий муаммолар натижасида турли кўриниш ва шаклларда намоён бўлади. Давлат мансабидан фойдаланиб, ноқонуний мукофот-ҳадялар (аниқроғи пора) олишга ружу қўйиш кўпинча ислоҳотлар даврида юз берган.                 

Унинг энг хавфли кўринишлари асосан жиноий хатти-ҳаракатлар ҳисобланади. Бунга энг аввало, камомад (ўғирлик)га йўл қўйиш ва порахўрлик киради. Ваколатли мансабдор шахсга ишониб топширилган ресурслар ва бойликларни ўз шахсий манфаати учун сарфлаши камомад дейилади. У оддий ўғирликдан фарқ қилиб, шахс бошлиқдан ёки мижоздан пул ёки мол-мулкни тасарруф этиш учун қонуний рухсат олган бўлади. 

Порахўрлик – бошқарув органлари фаолияти тартибига қарши
қаратилган уч мустақил мансаб жиноятлари – пора олиш, пора бериш ва пора олиш беришда воситачилик қилишни ўз ичига қамраб оладиган атама. Санаб ўтилган ҳар бир тажовузлар ЖКнинг 210-212-моддаларида назарда тутилган жиноятлар билан боғлиқ бўлмаган ҳолда содир этилиш мумкин эмас.

Улар бир-бири билан шу даражада боғлиқ бўладики, пора олиш фактининг мавжуд эмаслиги пора бериш фактини ҳам истисно этади.

Мазкур жиноятнинг юқори даражадаги ижтимоий хавфлилиги
шу билан изоҳланадики, пора олиш мансабдор шахслар томонидан
ўзларининг мансаб ваколатларини ижро этишнинг ўрнатилган тартибини кескин ўзгартиради ва бу билан давлат хизмати манфаатларини қўпол бузади. Пора корррупция – ҳокимият ва бошқарув асосларини емирадиган, унинг аҳоли олдидаги обрўсини туширадиган, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига даҳл қиладиган хавфли жиноий ҳодисанинг нисбатан кўп тарқалган ва ўзига хос ҳодисаси бўлиб ҳисобланади.

Қонун ушбу жиноят предметини давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот  ёки фуқаролаорнинг ўзини ўзи бшқариш органи мансабдор шўахсининг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда соир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига шахсан ўзи ёки воситачи орқали қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар олиш ёхуд мулкий манфаатдор бўлиш тушуниладиган – пора атамаси билан белгилайди.

90-йилларда собиқ социалистик республикаларда юз берган либераллашув жараёнлари туфайли мансабдорларнинг ўз ваколатини суиистеъмол қилиши янада кучайди. Ушбу иллатнинг олдини олиш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 9-декабрни “Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни” деб белгилади. 

Статистиканинг гувоҳлик беришича, порахўрлик айни пайтга келиб ниҳоятда таҳдидли кўламга келди. У айниқса, иқтисодий жиноятлар орасида етакчи ўрин тутади. Бу иллат оқибатида ишлаб чиқариш учун ажратилаётган инвестициялар миқдори камайиб, иқтисодий ўсиш тўхтайди. Ривожланаётган мамлакатларда коррупциянинг таъсири сабабли берилаётган халқаро ёрдамлардан мақсадсиз фойдаланиш, ижтимоий тенгсизликнинг ўсиши кузатилади. У аксар ҳолларда уюшган жиноятчиликнинг кучайишига, турли жиноий тўдаларнинг мафияга айланишига ва охир-оқибатда жамиятда ижтимоий ахлоқнинг пасайишига олиб келади. 

Хулоса қилиб айтганда, ҳар қандай жиноят давлат ва жамиятнинг барқарорлиги, тинчлиги, тараққиёти учун хавфлидир. Коррупция эса тараққиётга жиддий таҳдид ҳисобланади. Унга қарши ёшу-қари маърифат билан курашсагина жиноятнинг илдизини қуритишга эриша оламиз. Шуни англашимиз керакки, коррупцияга қарши нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ҳаракатлари балки, жамоатчиликнинг иштироки ҳамда фаол муносабати жуда муҳим.

ОТАБЕК КАРИМОВ,Жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман суди раиси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan