2024 йилнинг 8 ойи давомида Сурхондарё вилоятида коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилган ишлар натижасида бир қатор жиноятлар фош қилинди. Таҳлилларга кўра, жами 163 та жиноят иши бўйича 214 нафар шахс коррупцияга алоқадор бўлган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сезиларли даражада — 113 та жиноят ва 190 нафар шахсга камайган.
Мазкур жиноятлардан 124 таси бўйича 175 нафар шахсга нисбатан иш айблов хулосалари билан судга йўлланган. Коррупция жиноятларида мансабдор шахслар катта ўрин эгаллаган бўлиб, туман ва шаҳар даражасидаги 157 нафар шахс ҳамда вилоят даражасидаги 18 нафар мансабдор жиноий ҳаракатларга алоқадор деб топилган.
Коррупция билан боғлиқ жиноятлар турли соҳаларда кузатилган бўлиб, Мактаб ва мактабгача таълим бошқармаси 32 нафар ходим билан биринчи ўринда туради. Ундан кейин Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси 25 нафар, Соғлиқни сақлаш бошқармасида 19 нафар ходим жиноят содир этган. Бу эса мазкур соҳаларда, айниқса мансабдор шахслар томонидан жиноятларнинг кўплаб содир этилаётганини кўрсатади.
Давлат органлари ва соҳалар бўйича жиноятларнинг сони камайиши ёки ортиши таҳлил қилинганда, банк ва энергетика тизими соҳаларида жиноятлар сони сезиларли даражада камайгани, айни пайтда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармасида кескин ўсиш кузатилгани маълум бўлди.
Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгаши котиби Сайдулла Абдураимовнинг таъкидлашича, коррупция жамиятни заифлаштирадиган ва ривожланишга салбий таъсир кўрсатадиган хавфли жиноятдир. У бундай жиноятларга қарши курашиш давлат органларининг, жамоатчиликнинг ва ҳар бир фуқаронинг асосий вазифаси эканини алоҳида таъкидлаб ўтди:
«Биз вилоят бўйича олиб борилаётган ишларни кучайтиришга ҳаракат қиляпмиз. Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган стратегиялар асосида коррупцияга қарши курашишда қонунчилик доирасида жиддий чоралар кўрилаяпти. Жамоатчилик назоратини кучайтириш, аҳолини хабардор қилиш ва ҳар бир жабҳада ошкораликни таъминлаш бизнинг асосий вазифамиздир.»
С.Абдураимовнинг таъкидлашича, вилоятда жорий йилнинг ўтган даврида 60 миллиард сўмлик зарар аниқланган бўлса, шунинг 94,4 фоизи тергов жараёнида ундирилган. Бу эса олиб борилаётган чораларнинг самарадорлигини кўрсатади.
Коррупцияга қарши курашишда давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини кучайтириш, жамоатчиликни хабардор қилиш ва ҳуқуқий саводхонликни ошириш орқали жиноятларнинг олдини олиш муҳим аҳамиятга эга. Бундай чоралар жамиятда коррупцияга муросасиз муносабат шаклланишига ёрдам беради.
Мазкур мақола Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди грант маблағи асосида “Коррупциясиз ҳаёт” лойиҳаси доирасида тайёрланди.