ХАБАРЛАР

Қирол Чарльз III Blackpink’ни мукофотлади

Қирол Чарльз III Blackpink K-Pop гуруҳидаги қўшиқчиларга Британия империяси ордени фахрий аъзоси медалларини топширди. Бу ҳақда Букингем саройи хабар берди.

Медалларни топшириш жараёнида Жанубий Корея Президенти Юн Сок Ёль ва биринчи хоними Ким Гон Хи иштирок этган. Айни пайтда Президент 3 кунлик давлат ташрифи билан Буюк Британияда бўлиб турганди.

Квартет – Женни, Жису, Лиза ва Роуз – медалларни олаётганда Британия монархи билан суҳбатлашган ва бирга суратга тушган.

«Умид қиламанки, қачондир жонли ижроингиздан баҳраманд бўламан. Шунча йиллардан кейин ҳамон бир-бирингиз билан гаплашаётганингиз ҳайратланарли», деб ҳазиллашган Қирол Чарльз гуруҳ аъзоларига.

Букингем саройининг маълум қилишича, Blackpink гуруҳи аъзолари 2021 йилда Глазгода бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг иқлим бўйича саммити COP26 да тутган ўрни учун медаллар билан тақдирланган.

Қайд этиш жоизки, Blackpink жорий йилнинг июль ойида Буюк Британиядаги йирик мусиқа фестивалида чиқиш қилган биринчи K-pop гуруҳига айланган ва Лондон марказидаги BST Hyde Park ёзги фестивалида 65 000 оломон олдида куйлаган.

Маълумот учун, 2016 йилда дебют қилганидан бери Blackpink дунёдаги энг муваффақиятли қизлар гуруҳларидан бирига айланган. Гуруҳ YouTube’да энг кўп обуначига эга ижрочилар сифатида рекордни янгилаган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan