Қизириқ тумани ҳокими Шерхон Йўллиевич Алламуродовга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланди. Бу ҳақда Сухрондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов кеча, 23 август куни фармойиш чиқарди.

Фармойишда қайд этилишича, туман раҳбари Алламуродов жорий йилнинг 1-ярим йиллигида хорижий инвестицияларни ўзлаштириш ва экспорт кўрсаткичларини таъминлашда сусткашликка йўл қўйган. Шу сабабли унга Меҳнат кодексининг 312-моддасига асосан ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланган ва ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида жарима тайинланган. Мазкур фармойишнинг ижросини таъминлаш вилоят ҳокимлиги ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбари Ф.Менглиев зиммасига юкланган.
Маълумот учун, Шерхон Алламуродов 1986 йилда Жарқўрғон туманида туғилган. 2011 йилда Ички ишлар вазирлиги академиясини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги – ҳуқуқшунос. Подполковник ҳарбий унвонига эга.
Фаолияти давомида ички ишлар органларида турли вазифаларда, хусусан, вилоят Ички ишлар бошқармасида бўлим бошлиғи, Жарқўрғон тумани ИИБ бошлиғи лавозимларида меҳнат қилган. Алламуродов 2023 йилдан 2025 йилгача Қизириқ тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи вазифасида фаолият юритган. У жорий йилнинг 27 январ куни Халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Қизириқ тумани ҳокими этиб тайинланганди.