ХАБАРЛАР

Марказий Осиё ерларининг 39 фоизи қурғоқчилик ҳолатида – БМТ

Ҳар йили ҳаво ҳароратининг исиши туфайли Марказий Осиёда узоқ муддатли қурғоқчиликлар кўпайиб бормоқда ва бу катта иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни келтириб чиқаради. Бу ҳақда 13-17 ноябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтаётган БМТнинг чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси  ижросини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессиясида айтилди. 

Ушбу сессияда Марказий Осиё аҳолисининг қарийб 60 фоизи тўғридан-тўғри асосий даромад манбаи сифатида қишлоқ хўжалигига боғлиқлиги, шу сабабли қурғоқчилик минтақа аҳолисининг аксарият қисмининг иқтисодий хавфсизлиги ва фаровонлигига жиддий таҳдид солаётгани қайд этилган. 

Шунингдек, қурғоқчиликнинг таъсири трансчегаравий эканлиги, шунинг учун ҳам қурғоқчилик хавфи ва заифлигини камайтириш бўйича ҳаракатлар минтақавий даражада мувофиқлаштирилиши зарурлиги қайд этилган.

БМТ маълумотларига кўра, Марказий Осиёда 152,06 миллион гектар ёки 38,43 фоиз ер майдони қурғоқчилик ҳолатида бўлиб, шундан 1,33 фоизи қаттиқ қурғоқчилик, 0,23 фоизи эса ўта қурғоқчилик ҳолатидадир.

Таҳдид кўламини тушуниш учун шуни таъкидлаш керакки, бу ҳудуд бутун Франциядан деярли уч баравар катта.

Тожикистонда бутун мамлакат ҳудудининг 47 фоизи, яъни 6,7 миллион гектар ер турли даражада қурғоқчиликка учраган. Қирғизистонда бу кўрсаткич 42,4 фоизни ташкил этади.

Вазият қуйи оқимдаги учта давлатда ёмонроқ – Ўзбекистонда қурғоқчилик бутун мамлакат ҳудудининг 89,5 фоизига, Туркманистонда – 88 фоизига, Қозоғистонда – 76 фоизига таъсир қилади.

Мутахассислар Марказий Осиёнинг қурғоқчиликка мойиллиги иқлим ўзгариши, Орол денгизининг қуриши, аҳоли сонининг кўпайиши, ерларнинг таназзулга учраши, табиий ресурслардан беқарор фойдаланиш ва атроф-муҳит муҳофазасининг самарасизлиги билан боғлиқлигини қайд этган.

Бироқ, Марказий Осиёда қурғоқчилик тез-тез содир бўлишига қарамай, бу ҳолатлар расмий равишда камдан-кам қайд этилади. Масалан, қурғоқчилик Марказий Осиёда рўйхатга олинган офатларнинг атиги 2-3 фоизини ташкил қилади.

Аммо қурғоқчилик оқибатида иқтисодий йўқотишлар ҳажми ҳам жуда катта. Фавқулодда вазиятлар маълумотлар базаси маълумотларига кўра, 2000-2016 йилларда Марказий Осиёда қурғоқчиликдан кўрилган иқтисодий йўқотишлар 2 миллиард доллардан ошган, уларнинг аксарияти қишлоқ хўжалиги соҳасига тўғри келган. Бу салбий жараённи секинлаштиришнинг ягона йўли минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашдир.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan