Марказий Осиё давлатлари учун коррупцияга қарши курашиш бўйича Минтақавий платформа ишга туширилди

Тошкентда бўлиб ўтган “III Тошкент Аксилкоррупция форуми” халқаро ва хорижий амалиёт, илғор тажрибалар мисолида коррупцияга қарши курашиш бўйича кўрилаётган чораларнинг моҳияти ва аҳамиятини, шунингдек, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини халқаро ҳамжамият эътиборига ҳавола этиш имконини берди.
Мазкур Форум коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган чоралар ҳамда эришилган натижаларни маҳаллий ва хорижий ҳамкорлар, кенг жамоатчилик билан муҳокама ва сарҳисоб қилиш, маҳаллий ҳамда хорижий ҳамкорлар билан ўзаро тажриба алмашиш ва бу борада халқаро ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш, шунингдек, келгусидаги режалар, янги истиқболларни белгилаб олишга хизмат қилиб келмоқда.
Шу мақсадда бу йилги нуфузли тадбир Жанубий Корея, Қатар, Малайзия, Эстония, Финляндия, Латвия, Гонконг ҳамда Марказий Осиё мамлакатларининг коррупцияга қарши курашишга масъул идоралари раҳбарлари ҳамда Жаҳон банки, БМТ Тараққиёт дастури, “Минтақавий Мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти, Халқаро ҳамкорлик бўйича Германия жамиятининг етакчи экспертлари, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар, вазирлик ҳамда идоралар, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари учун очиқ мулоқот, қизғин муҳокама ва ўзаро тажриба алмашишда навбатдаги ўзига хос платформа бўлди.
Форумда халқаро ва хорижий амалиёт, илғор тажрибалар мисолида коррупцияга қарши курашиш бўйича кўрилаётган чораларнинг моҳияти ва аҳамияти, шунингдек, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларига бағишланган тақдимотлар қилинди.
Аҳамиятли яна бир жиҳати шундаки, Форум доирасида Коррупцияга қарши курашиш бўйича Минтақавий платформа ишга туширилди. Мазкур платформа Марказий Осиё давлатлари томонидан БМТ Коррупцияга қарши Конвенцияси қоидаларини янада самарали амалга оширишга кўмаклашиш, бу борада минтақа мамлакатларининг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш мақсадида ташкил этилмоқда.
Платформа фаолияти коррупцияга қарши курашиш бўйича самарали профилактик чора-тадбирлар, хусусий секторда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, активларни қайтариш ва халқаро ҳамкорлик каби йўналишларни қамраб олади.
Платформанинг ўзига хос вазифалари ўзаро ахборот ва таълим алмашиш, билимларни бошқариш ва минтақада коррупцияга қарши кураш сиёсатининг устувор йўналишлари бўйича келишувлар учун форум ташкил этиш, ҳамкорликни мувофиқлаштиришни такомиллаштиришга қаратилади.
Форум доирасида “Ахборотдан фойдаланиш коррупциянинг олдини олишнинг самарали усули сифатида”, “Коррупцияга қарши курашиш органлари томонидан давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш”, “Коррупцияга қарши таълим ва тарбия коррупциянинг олдини олиш механизмлари сифатида” мавзусидаги сессияларда маҳаллий ва хорижий экспертлар томонидан турли тақдимотлар ўтказилиб, ўзаро тажриба алмашилди.
Форум доирасида иштирокчилар томонидан коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликнинг ўзига хос жиҳатлари, унинг истиқболлари, соҳанинг ҳуқуқий ва институционал асосларини такомиллаштириш, Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш оид ислоҳотларни амалга оширишда кўмаклашиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси, нодавлат нотижорат ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасида жамоатчилик назорати шакллари мавзуларида интрактив сессиялар ҳам бўлиб ўтди.