ЖАМИЯТ САЛОМАТЛИК ЎЗБЕКИСТОН

Афғонистондан коронавирус кириб келишининг олдини олинмоқда

Куни-кеча қўшни Афғонистоннинг Ҳирот шаҳрида ҳам коронавирус қайд этилгани кўпчиликни саросимага солиб қўйди.

Афғонистон Ислом Республикасидан юртимизга Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси “Айритом” чегара божхона пости орқали кириб келинади. Шу ерда ўринли савол туғилади, мазкур божхона постида вирусдан ҳимоя ва текширув жараёнлари қандай?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида чегара, божхона, санитария-карантин, фитосанитария ва ветеринария назоратини ташкил этиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, “коронавирус” кириб келишининг олдини олиш мақсадида, Афғонистон Ислом Республикасидан келаётган фуқаролар махсус дезинфекцияланган гиламлар орқали киритилиб, санитария-эпидимология осойишталик маркази ходимларининг назоратидан ўтказилмоқда.

Автотранспорт воситалари эса махсус дизинфекцияланган сувларга туширилиб, юртимизга киритиляпти. Бундан ташқари, Афғонистон Ислом Республикасидан келаётган барча фуқаролардан тиббиёт ниқобларида бўлишлари талаб қилиняпти.

Ушбу божхона постида хизмат олиб бораётган барча хизматлар ходимлари тиббиёт ниқоблари ва тиббий қўлқопларда фаолият кўрсатмоқдалар.