ДУНЁ

Нетаняху Ғазога бостириб кириш ҳақидаги буйруқни имзолашдан бош тортди

Исроил армияси қўмондонлиги Ғазо секторига қуруқликдан бостириб кириш бўйича якуний режани ишлаб чиқди, бироқ бош вазир Биньямин Нетаньяху уни имзолашдан бош тортди, бу эса юқори мартабали зобитларни ғазаблантирди, деб ёзмоқда The New York Times манбаларга таяниб.

Бунинг сабабларидан бири — ҲАМАС ҳужумидан кейин мухолифат вакиллари билан биргаликда тузилган фавқулодда ҳукумат аъзоларининг операцияни бир овоздан маъқуллаш истаги, дея тушунтирди суҳбатдошлар. Нашр билан гаплашган таҳлилчиларнинг қўшимча қилишича, Нетаняху режа муваффақиятсизликка учраган тақдирда, жамоатчиликнинг унга бўлган ишончи пасайиши ва айбловлар қўйилишидан қўрқиб, режани мустақил равишда тасдиқлашдан эҳтиёт бўлмоқда.

Нетаняху ва ҳарбийлар ўртасида ўзаро шубҳа пайдо бўлган, бу шу қадар кучайдики, сиёсий ҳокимият армия қўмондонлиги йиғилишларига овоз ёзиш мосламаларини олиб киришни тақиқлаб қўйди, деди манбалар нашрга. Суҳбатдошлар бу қарорни уруш тугаганидан кейин бошланиши мумкин бўлган тергов жараёнига тўсқинлик қилишга уриниш деб баҳолади.

Уларнинг орасидаги бўлиниш урушдаги мақсадлар билан боғлиқ. Нетаняху ҲАМАСни йўқ қилиш билан бир вақтда барча гаровга олинганларни озод қилишга интилмоқчи, аммо бу мақсадлар ўртасида мувозанатни топиш жуда қийин, деб тушунтирди манбалар. NYT қайд этишича, келишмовчилик 26 октябрь куни кечқурун, мудофаа вазири Ёав Галлант омма олдида нутқ сўзлаганда гаровга олинганларни қутқаришни Исроил армияси мақсадларига киритмагани ортидан пайдо бўлган. Бундан ташқари, Исроилнинг сиёсий ва ҳарбий раҳбарлари босқинни қачон ва қандай бошлаш борасида турлича фикрда. 

Мааriv газетаси ҳужумдан икки ҳафта ўтиб ўтказган сўров натижаларига кўра, исроилликларнинг аксарияти (80 фоиз) Нетаняхуни ҲАМАСнинг мамлакатга ҳужуми учун жавобгарликка тортишни қўллаб-қувватламоқда. Ўтган йилги сайловларда унинг “Ликуд” партиясига овоз берганларнинг 69 фоизи ҳам худди шундай фикрда эди. Сўровда қатнашганларнинг атиги 8 фоизи Нетаняхуни ушбу воқеалар учун жавобгарликка тортиш зарур эмаслигини айтган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan