ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

“Док-1 Макс” ишлаб чиқарувчилари Ўзбекистон дорихоналарида қолаётган дориларининг сотилишига рухсат сўрамоқда

Ўзбекистонда 65 нафар боланинг ўлимига сабабчи дея қаралаётган “Док-1 Макс” сиропини ишлаб чиқарувчиларнинг мамлакатдаги вакили — Quramax Medical МЧЖ вакиллари ишлаб чиқарувчининг дорихоналарда қолаётган бошқа дорилари сотилишига рухсат сўрамоқда. Бу ҳақда “Док-1 Макс” судининг 6-октябр куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида ҳиндистонлик судланувчининг адвокати Даврон Аҳмадов хабар берди.

Адвокатнинг маълумот беришича, МЧЖ вакиллари, хусусан Даврон Аҳмадовнинг ўзи ҳам адвокат сифатида Соғлиқни сақлаш вазирлигига расмий хат билан мурожаат қилиб, ишлаб чиқарувчининг “Док-1 Макс” ва “Амбронол” дориларидан бошқа дориларининг сотилишига рухсат сўраган. 

Биз адвокатлик сўрови билан вазирликка мурожаат қилиб, ишлаб чиқарувчининг 10 миллиард сўмлик солиқ қарздорлиги борлигини, айни пайтда МЧЖ ишламаётганини, фаолияти тўхтатилганини, аммо қарздорликлари юзага келганини айтиб, ишлаб чиқарувчининг дорихоналарда қолаётган бошқа дорилари сотилишига рухсат сўраяпмиз. Вазирлик Quramax Medical МЧЖнинг гувоҳномаси йўқ деган жавобни бермоқда. Шу масалага эътибор қаратиб, ёрдам берилишини сўраймиз, — деди адвокат.

Даврон Аҳмадовнинг “Дарё” журналистига қўшимча қилишича, Ўзбекистондаги дорихоналарда ишлаб чиқарувчиларнинг 50 турдан ортиқ, қиймати 28 миллиард сўмлик дорилари бор ва уларнинг сифатсизлигини, соғлиқ учун зарарли эканини тасдиқловчи фактлар йўқ. 

Бу ҳолат судда ҳам кўриб чиқилди. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги МЧЖнинг барча дорилари сифатсиз, соғлиқ учун зарарли, уларни йўқ қилиш керак деган даъво билан судга мурожаат қилганди. Дастлабки инстанция ушбу талабни қондириб, ҳиндистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг нафақат “Док-1 Макс” ва “Амбронол” дориларини, балки барча дориларини йўқ қилиш ҳақида қарор чиқарди. Биз бунга эътироз билдириб, аппеляция тартибида шикоят қилдик.

Аппеляция инстанцияси ҳам биринчи инстанция қарорини маъқуллади. ҳундан сўнг, кассация тартибида шикоят қилиб, яна ҳуқуқимизни ҳимоя қилдик. Ва судда масъулларнинг фақатгина “Док-1 Макс” ва “Амбронол” дориларининг истеъмол учун яроқсизлигини тасдиқловчи ҳужжатлари борлигини, бошқа дориларнинг сифатсизлигини, истеъмол учун яроқсизлигини исботловчи ҳужжатлар йўқлигини билдирдик. Суд буни инобатга олиб, ишлаб чиқарувчиларнинг бошқа дорилари сотилишига рухсат берди. Аммо вазирлик Quramax Medical МЧЖнинг гувоҳномаси йўқ деб, Ўзбекистондаги мавжуд дорихоналарда қолаётган 50 турдан ортиқ, қиймати 28 миллиард сўм бўлган дорилар сотилишига рухсат бермаяпти, — дейди Даврон Аҳмадов.

Адвокатнинг қўшимча қилишича, унинг адвокатлик сўровларига вазир ўринбосари Элмира Боситхонова рад жавобини бермоқда. 

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan