ДУНЁ

Венецияда ичида йўловчилари бўлган автобус 10 метр баландликдан темир йўлга қулади

Ҳодиса натижасида 21 киши ҳалок бўлган. Улар орасида ёш болалар ҳам бор.

Италиянинг Венеция шаҳри Местре туманида йўловчи автобуси панжарани бузиб ўтиб, 10 метр баландликдан темир йўл рельсларига қулади. Бу ҳақда ANSA ахборот агентлиги хабар берди.

Маълумотларга кўра, 19 киши воқеа жойида, яна 2 киши касалхонада вафот этган. Жабрланганларнинг баъзилари яхши, аммо Падуада оғир аҳволда бўлганлар ва куйиш жароҳати олганлар ҳам бор. Қурбонларнинг 4 нафари ёш болалар ҳисобланади.

Италия матбуотига кўра, автобус ҳалокатдан кейин ёниб кетган. Қулаш чоғида темир йўлнинг юқори симларига урилган.

Маҳаллий ўт ўчириш хизмати раҳбарининг айтишича, ҳалокатда ҳалок бўлганлар орасида 3 нафар украиналик, 1 нафар хорватиялик, 1 нафар немис ва 1 нафар француз бор.

Ҳодиса маҳаллий вақт билан 19:45 атрофида содир бўлган, сабаблари ҳозирча номаълум. Италия транспорт вазири Маттео Салвини автоҳалокатга ҳайдовчининг тўсатдан мазаси қочиб қолгани сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan