ЎЗБЕКИСТОН

Йил якунига қадар 20 та талабалар турар жойи қуриб, фойдаланишга топширилади — вазирлик

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги талабалар учун турар-жой барпо этиш бўйича 7 та муҳим фактни келтирди.

Маълум қилинишича, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган дастурга кўра, 2026 йилга қадар республика бўйича 100 минг ўринга мўлжалланган талабалар турар жойи қурилади. Дастур қабул қилингандан буён 26 171 ўринли 55 та ётоқхона қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Биргина 2023 йилда республика миқёсида 38 633 ўринли жами 85 та талабалар турар жойини бунёд этиш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда:

— 55 таси (24 621 ўринли ) давлат-хусусий шериклик;
— 30 таси (14 012 ўринли) олийгоҳ ва бюджет маблағлари, инвестиция дастури асосида.

Жорий йил якунигача давлат дастурида белгиланган 18 минг ўринли талабалар турар жойлари қуриб битказилади. Жумладан, ўтган 9 ой давомида жами 9 014 ўринли 21 та талабалар турар жойи фойдаланишга топширилди.

Шундан:

— 11 таси (4 942 ўринли) давлат-хусусий шериклик;
— 10 таси (4 072 ўринли) олий таълим муассасаси маблағлари ҳисобидан қурилган.

Йил якунига қадар яна 9 469 ўринли 20 та талабалар турар жойи қуриб, фойдаланишга топширилади. Хусусан, уларнинг:

— 12 таси (5 429 ўринли) давлат-хусусий шериклик;
— 5 таси (2 400 ўринли) олий таълим муассасалари маблағлари;
— 3 таси (1 640 ўринли) инвестиция дастури асосида.

Ҳозирда 25 569 ўринли 54 та талабалар турар жойини қуриш ишлари олиб борилмоқда. 115 та давлат олийгоҳида жами 324 та талабалар турар жойи мавжуд бўлиб, уларнинг сиғими 117 646 ўринни ташкил этади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan