ЎЗБЕКИСТОН

Президент Наим Каримов вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Президент Шавкат Мирзиёев академик Наим Каримов вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби хабар берди.

Атоқли олим, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги Наим Каримов шу йилнинг 17 сентябрь куни 91 ёшида вафот этди.

Наим Каримов 1932 йил 12 декабрда Тошкент шаҳрида туғилган. 

1955 йилда Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети)ни тамомлаб, ушбу олий таълим муассасасининг аспирантурасида таҳсил олган.

Ўз меҳнат фаолиятини 1958 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти (ҳозирги Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти)да кичик илмий ходим сифатида бошлаган заҳматкаш ва фидойи олим кўп йиллик илмий-ижодий фаолияти давомида мазкур институтда катта ва етакчи илмий ходим, бўлим мудири вазифаларида ишлаган. 1962 йилда номзодлик, 1993 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. 2002-2008 йилларда “Шаҳидлар хотираси” хайрия жамғармаси раиси ҳамда “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи раҳбари, 2008 йилдан ушбу музейнинг етакчи илмий ходими сифатида меҳнат қилган.

“Наим Каримов ХХ аср ўзбек адабиётини ўрганиш бўйича кенг қамровли фундаментал тадқиқот ва изланишлар олиб бориб, ушбу йўналишда ўзига хос мактаб яратди. Хусусан, маърифатпарвар жадидларнинг ҳаёти ва фаолияти, ХХ аср ўзбек адабиётининг атоқли намояндалари ижодига бағишланган кўплаб монография ва тадқиқотлари, маърифий романлари ҳамда мингдан ортиқ илмий мақолалари, қатор дарслик ва ўқув қўлланмалари адабиётшунослик фанига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди”, дейилади Президент матбуот хизматида хабарида.

Илм-фан соҳасидаги кўп йиллик самарали хизматлари учун Наим Каримов 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланган.

Олим жаҳон адабиётининг бир қатор сара асарларини ўзбек тилига таржима қилиш баробарида, тарихий мавзуларда йигирмага яқин ҳужжатли фильмларни яратишда ҳам иштирок этган.

Унинг бевосита раҳбарлигида кўплаб фан номзодлари ва докторлари тайёрланган.

У “Ўзбекистон Республикаси фан арбоби”, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвонлари, “Эл-юрт ҳурмати” ордени ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Давлат мукофотларига сазовор бўлган эди.

“Атоқли олим, меҳрибон устоз, самимий ва камтарин инсон Наим Каримовнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади”, дейилади хабарда.

Президент Шавкат Мирзиёевдан ташқари Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси раиси Нуриддин Исмоилов, Бош вазир Абдулла Арипов ва бошқалар ҳам ҳамдардлик билдирган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan