ЖАМИЯТ

Пресс тур: Денов туманидаги балиқчилик комплекси, Сариосиёда туризм қишлоғи, “Сангардак чеварлари” тикувчилик корхонаси, “Чингиз” оилавий меҳмон уйи

Кеча Сурхондарё вилояти ҳокимлиги томонидан ҳудудларда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда воҳанинг туризм салоҳияти билан яқиндан таништириш мақсадида ОАВ вакиллари иштирокида пресс тур ташкил этилди.

Дастлаб иштирокчилар Денов тумани «Холчаён» маҳалласида жойлашган “Навниҳол соҳили” фермер хўжалиги томонидан барпо этилган бассейн, ҳаммом, сунъий қопламали спорт майдончаси ва бошқа объектларни ўз ичига олган хизмат кўрсатиш комплекси, шунингдек, фермер хўжалиги томонидан 1 гектар майдонда интенсив усулда балиқ етиштириш лойиҳаси билан танишишди.

Навбатдаги манзил Сариосиё туманидаги “Сангардак” маҳалласи бўлди. Ўзига хос табиати ва ривожланган инфратузилмага эга ҳудудга “туризм қишлоғи” мақомини бериш бўйича қатор ишлар амалга оширилган.

Пресс тур иштирокчилари “Сангардак”дан 1,5 километр баландликда жойлашган “Хўжаилғор валий” зиёратгоҳида бўлишди. Мингдан зиёд зина босилиб, баландликка чиқиладиган зиёратгоҳ атрофида бир қанча булоқлар бўлиб, улар суви шифобахш саналади.

Ҳар томондан виқорли тоғлар билан ўралган маҳаллада замонавий “Сангардак чеварлари” тикувчилик корхонаси фаолият юритмоқда. Медиа тур иштирокчилари корхона фаолияти билан ҳам яқиндан танишишди.

Ҳозирда 50 дан ортиқ маҳалла хотин-қизлари ушбу корхонада тикувчилик билан банд. Шунингдек, бу ерда “Устоз-шогирд” анъаналарига мувофиқ ишсиз хотин-қизларга касб ўргатиш ҳам йўлга қўйилган.

Шундан сўнг, иштирокчиларга маҳаллада жойлашган “Чингиз” оилавий меҳмон уйи фаолияти таништирилди. Масканда оилавий дам олувчилар учун барча шароитлар, ёзги бассейн, болалар майдончалари, хордиқ чиқариш жойлари ташкил этилган.

Пресс тур иштирокчилари воҳамизнинг жанубий туманларидаги бундай ўзгаришлар нафақат маҳаллий балки хорижий сайёҳларда ҳам катта қизиқиш уйғотишини таъкидладилар. Ўз навбатида диққатга сазовор масканлар тўғрисида ранг-баранг тарғибот материаллари тайёрлаш ва медиа воситалари орқали ёритиш режалаштириб олинди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan