ЖАМИЯТ

Қоғоз кўринишидаги архив маълумотларни рақамлаштириш сустми?

Давлат хизматлари кўрсатиш тизимини янада яхшилаш учун бир қатор ишларни амалга ошириш лозим. Улар ичида давлат хизматини кўрсатувчи органлардаги қоғоз кўринишидаги архив маълумотларини тўлиқ рақамлаштириш (оцифровка) масалаларига эътибор қаратиш керак.

Шунга кўра, давлат хизматларини кўрсатишга масъул бўлган барча давлат идораларининг архив маълумотларини 2025 йилгача босқичма-босқич рақамлаштириш талаб этилади. Таъкидлаш жоизки, давлат хизматлари кўрсатишда иштирок этадиган давлат органларининг марказлашган маълумотларни қайта ишлаш марказлари ташкил этилмаганлиги оқибатида давлат хизматлари кўрсатиш жараёнида қуйидаги муаммолар юзага келмоқда:

– давлат хизматларини кўрсатувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар идоралараро интеграция платформасига уланмаганлиги оқибатида улар ўртасида ўзаро электрон ахборот алмашинуви йўлга қўйилмаган;

– 30 дан ортиқ давлат органларида ҳанузгача идоравий маълумотлар базалари шакллантирилмаганлиги сабабли уларни ягона давлат хизмати платформасига улашнинг имкони мавжуд эмас;

– мазкур давлат органлари томонидан тақдим этиладиган турли қоғоз кўринишидаги маълумотнома ва бошқа ҳужжатларни рақамлаштириш (оцифровка қилиш) сустлигича қолмоқда.

Давлат хизматлари агентлиги Ахборот хизмати.