ЖАМИЯТ

Соғлом инсон узоқ ва бахтли ҳаёт кечиради

Ўзбекистон Республикасининг  2002 йил 30 августда қабул қилинган 402-II-сонли Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида Қонунининг 16-моддасида нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларининг қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини ривожлантиришдаги иштироки қуйидаги таҳрирда баён этилган:

Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти, бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари аҳолини қон ва унинг таркибий қисмлари, бепул донорлигига жалб қилишда донорларга турли шаклдаги рағбатлантириш белгилашда оммавий ахборот воситалари орқали аҳолининг кенг хабардор қилиниши ҳамда қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини ривожлантиришга бошқа тадбирларда иштирок этишлари мумкинлиги қайд этилган.

Шуни инобатга олган ҳолда, Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди нодавлат нотижорат ташкилотларининг “Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш”га қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш” мавзусидаги  2-грант танловининг Мактабгача таълим, умумтаълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари билан ҳамкорликда аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти Сурхондарё вилоят ташкилотининг “Соғлом инсон узоқ ва бахтли ҳаёт кечиради” лойиҳаси иш бошлади.

Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад, Термиз шаҳридаги жами 26 та умумтаълим мактаби ишчи ходимлари ҳамда 37 та маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолисини беғараз донорликка даъват этиш орқали қон ва унинг донорлар сафини 1000 нафарга кўпайтиришга эришиш. Шунингдек, лойиҳа доирасида 750 нафар аҳолига маълумотлар етказиш ва волонтёрлик ҳаракатига жалб этиш, улар орқали мазкур мактаблар ҳамда маҳаллардаги яшовчи аҳолига  соғлом турмуш тарзи, қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонуни тарғиботи бўйича маълумотлар етказишдан иборат.

Кеча Термиз шаҳридаги 2,3-умумтаълим мактабларида “Соғлом инсон узоқ ва бахтли ҳаёт кечиради” лойиҳаси доирасида семинар ўтказилди. Унда мактаб ходимлари, вилоят қон қуйиш станцияси, Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти Сурхондарё вилоят ташкилоти, ЎзННТМА Сурхондарё вилоят ҳудудий бўлинмаси мутасаддилари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди. 

– Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамиятининг  2010 йил  30 декабрдаги 391-рақам билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида қайта рўйхатга олинган Уставининг  2-моддасида жамият донорликни ривожлантиришга кўмаклашади, соғлом турмуш тарзини, тиббий, экологик, санитар-гигена билимларни тарғиб қилиши қайд этилган,- дейди Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти Сурхондарё вилоят ташкилоти раиси Р.Акбаров.

– Халқимиз саломатлигини асраш, тиббий хизмат сифатини яхшилаш,  тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, беғараз ёрдам муҳитини кучайтириш, болалар саломатлигини муҳофаза этиш ҳамда фуқароларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш орқали бемор болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш,  шунингдек, донорлик жамиятимизнинг ҳар бир соғлом аъзосининг бурчи бўлиб қолиши учун уни кенг миқёсда тарғибот қилиш зарур. Ўтказилаётган тадбирда вилоят Қон қуйиш маркази томонидан лойиҳа доирасида амалга ошириладиган ишлар мустаҳкамланишида амалий ёрдам қилиниши кўзда тутилган.

Шу ўринда савол туғилади: Кимлар донор бўла олади?

18 ёшдан 60 ёшгача бўлган, оғирлиги 50 килограммдан юқори, ўзини соғлом деб билган, ирқи, касби, жинсидан қатъи назар ҳар бир инсон қон ва унинг компонентлари учун донор бўла олади. Инсон организмида 4,5 – 5 литр қон бўлади. Кўп йиллик илмий изланишлар ва кузатувлар шуни кўрсатадики, 500 мл.гача қон топшириш организм учун хавфсиздир. Ҳар бир донорлик амалиётида ўртача 350-400 мл қон олинади. Семинарда юқоридаги маълумотлар ҳам иштирокчиларга айтиб ўтилди.

-Танловда иштирок этиш учун Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти вилоят ташкилоти вилоят Қон маркази билан ҳамкорликда марказда мавжуд муаммоларни биргаликда ўрганиб чиқамиз,- дейди лойиҳа ҳамкори Вилоят Қон қуйиш стансияси бўлим бошлиғи И.Менгнимуратов.

– Шунингдек, Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти вилоят ташкилотининг ташаббусидан, қон қуйиш маркази учун амалга ошираётган лойиҳасидан ҳурсандмиз. Мазкур савобли иш жуда яхши ўйлаб топилганлигини алоҳида айтиб ўтишим керак, сабаби лойиҳа доирасида вилоятимизда кўплаб инсонларнинг умрини сақлаб қолинишига эришилиши мумкин. Бугунги кунда Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти вилоят ташкилоти ҳар қандай фавқулотда вазиятларда тиббиёт ходимлари билан тенгма – тенг иш олиб бормоқда. Мазкур ташаббус эса уларнинг фаоллигини янада ошириб, келажакда ташкилот билан самарали ҳамкорликни давом эттирамиз, деган умиддаман.

Донорлик нафақат қон олувчи, балки қон берувчининг саломатлиги учун ҳам фойдали ҳисобланади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, донорлар бошқаларга қараганда 5 йил кўпроқ умр кечиришади.

Ҳар қандай қон топшириш организм учун енгил стресс ҳисобланади. Бундай енгил стресслар ташқи муҳитнинг салбий омилларига таъсирчанликни оширади.

Бахтсиз ҳодисалар, операциялар чоғида организмнинг оғир талафотларга учраш эҳтимоли донорларда бошқаларга қараганда камроқ бўлади. Чунки донор организми қон йўқотишга мослашган бўлади ва оғир асоратларни ҳам нисбатан енгилроқ ўтказади.

Донорлик инфаркт ва бошқа юрак-қон томир касалликлари келиб чиқиши хавфини бир неча бор камайтиради. Олимлар эркак донорлар орасида юрак инфаркти бошқаларга қараганда 30 фоиз камроқ учрашини аниқлашган.

-Лойиҳа доираси вилоят Қон марказига қон донорлиги сафини кенгайтиришда амалий ёрдам кўрсатиш билан бир қаторда, давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларини ҳамкорликда мавжуд ижтимоий муаммоларни ҳал этишга қаратилган,- дейди Ўзбекистон Нодавлат Нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси Сурхондарё вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари Гулнора Ходжаниязова.

– Шунингдек, айни пайтда ўз ишини бошлаган ушбу лойиҳа долзарблиги, уни амалга ошириш жараёнида Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти Сурхондарё вилоят ташкилоти вилоят Қон маркази билан ўтказиладиган семинар тренингларни юқори савияда ташкил этишда фаол иштирок этишларини сўраб қоламан.

Умуман олганда, донорлик ҳар қандай инсон қилиши мумкин бўлган оддий, лекин олий қаҳрамонликдир. Қон донорлиги ─ жамият саломатлиги учун берилиши мумкин бўлган беғараз ёрдам. 

Савол-жавоб тарзда ўтказилган давра суҳбатининг якунида қатнашаётганларга жамиятнинг фаол иштирокчиси бўлиш, соғлом муҳитни шакллантириш, тадбирда билдирилган фикр мулоҳазалардан ўзларига керакли бўлган хулосалар чиқариши тавсия этилди.

Мазкур мақола Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди грант маблағи асосида  Инсон – жамият – давлат ” лойиҳаси доирасида тайёрланди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan