ХАБАРЛАР

Telegram’да ҳам сторис қўйиш имконияти пайдо бўлади

Telegram ижтимоий тармоқ платформасида ҳам Instagram’да бўлгани каби сторис қўйиш имконияти яратилади. Бу ҳақда мессенжер асосчиси Павел Дуров ўзининг Telegram каналида хабар берди. 

Дуровнинг ёзишича, йиллар давомида унга келган мурожаатларнинг ярмидан ортиғи айнан сторис масаласида бўлган. Дуров бошида бунга қарши чиққан бўлсада, эндиликда тез орада Telegram платформасида мазкур функция ишга тушишини маълум қилган. 

Жорий қилинаётган янгиланишга кўра, фойдаланувчи Telegram профилига жойлайдиган сторисини кўриши мумкин бўлган одамлар рўйхатини чеклаши, яъни фақат контактлар рўйхатида борлар, яқин дўстлар рўйхатидагилар ёки истисно тариқасида танланган аккаунтлар эгалари сторисни кўра оладиган тарзда созлаши мумкин бўлади. Шунингдек, фойдаланувчилар кўришни хоҳламаган ҳар қандай сторисни яшириш имкониятига ҳам эга бўлади. 

Сторис топиш қулай бўлиши учун чатлар рўйхатининг юқори қисмидаги бўш майдонда жойлашади. 

Telegram’да ҳам Instagram’даги каби сторис учун танланган фото ва видеоларни таҳрирлаш мақсадида махсус воситалардан фойдаланиш, кўпроқ контекст ёки ҳаволалар қўшиш ва бошқа одамларни белгилаш мумкин бўлади. 

Орқа ва олд камера ёрдамида олинган фотосурат ва видеоларни бир вақтнинг ўзида жойлаштириш имконияти ҳам тақдим этилади. 

Шунингдек, яна бир катта янгилик шуки, Instagram’дан фарқли равишда эндиликда Telegram строрисининг ўчиш муддатини ихтиёрий тарзда танлаш мумкин бўлади. Бунда фойдаланувчилар қўйган сторис уларнинг хоҳишига қараб 6, 12, 24 ва 48  соат давомида туриши мумкин. 

Бундан ташқари яна кўплаб “сюрприз”лар бўлиши ваъда қилинмоқда. 

Сторис жойлаш имконияти Telegram каналларида ҳам мавжуд бўлиши, улар бу орқали фойда кўриши, жумладан, сторисни улашиш имконияти ҳам жорий қилинганидан кейин Telegram каналлари янада каттароқ аудиторияга етиб бориши таъкидланган. 

Янги функция жорий йилнинг июль ойи бошларида ишга туширилади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan