СПОРТ

CAFA Nations Cup—2023. Ўзбекистон Элдор Шомуродовнинг дубли эвазига Туркманистонни мағлуб этди

Футбол бўйича CAFA Nations Cup—2023 2-турида Ўзбекистон миллий терма жамоаси 14 июнь, чоршанба куни Туркманистонга қарши баҳс олиб борди.

Фото: ЎФА

Учрашувнинг биринчи бўлимида ҳар икки жамоа вакилларида голга тортадиган қатор имкониятлар бўлди, бироқ танаффусга қадар ҳисоб очилмади. Иккинчи бўлимни мусобақа мезбонлари фаол бошлади.

52-дақиқада Ҳожимат Эркиновнинг узатмасидан кейин Элдор Шомуродов тўпни дарвозага тўғрилаб юборди. Шундан кейин ҳам Сречко Катанеч шогирдлари ҳужумларни давом эттирди, бироқ улар самарали бўлмади. Туркманистон вакилларида ҳам бир нечта имконият бўлди, хусусан 80-дақиқада рақиб футболчиларининг иккита зарбаси дарвоза тўсинига тегиб қайтди.

86-дақиқада Шомуродов бўш қолган дарвозани аниқ нишонга олиб, ҳисобни ишончли кўринишга олиб келди. Қолган вақтда ҳисоб ўзгармади.

Гуруҳнинг нариги ўйинида Уммон ва Тожикистон терма жамоалари 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади.

Шу тариқа Ўзбекистон иккинчи турда ҳам ғалаба қозониб, очколарини 6 тага етказиб олди. Дастлабки турда Уммон таслим этилганди (3:0). Кейинги турда Ўзбекистон Тожикистон билан ўйнайди, Туркманистон эса Уммонга қарши баҳс юритади. Ўйинлар 17 июнь, шанба куни бўлиб ўтади.


CAFA Nations Cup—2023

2-тур баҳслари

14 июнь, чоршанба

Туркманистон – Ўзбекистон 0:2

Гол: 0:1 – 52 Шомуродов, 0:2 – 86 Шомуродов.

Ўзбекистон: Абдувоҳид Неъматов, Дилшод Saitoв, Абдуқодир Ҳусанов, Шерзод Насруллаев, Умарбек Эшмуродов, Акмал Мозговой (Ҳожимат Эркинов, 46), Сардор Собирхўжаев (Остон Ўрунов, 46), Отабек Шукуров, Жалолиддин Машарипов (Жамшид Искандаров, 73), Азиз Турғунбоев (Одил Ҳамробеков, 46), Элдор Шомуродов (Бобур Абдихолиқов, 90+2).

Туркманистон: Расул Чариев, Аҳмет Атаев, Гуйчмурат Аннагулиев, Йилас Тойжанов, Мекан Сапаров, Ибраим Маммедов, Ресул Ҳожаев, Абди Башимов, Алтинмурат Аннадурдиев, Йилас Сапармаммедов, Шаназар Тиркишов.

Уммон – Тожикистон 1:1

Голлар: 1:0 – 14 ал-Яҳёйи, 1:1 – 45 Ханонов.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan