ЎЗБЕКИСТОН

Ўзбекистонда давлат хизматчилари мажбуриятлари ҳамда уни тартибга солиш бўйича аниқ механизмлар белгиланмоқда

Олий Мажлис Сенати қўмиталарида навбатдаги ялпи мажлис кун тартиби доирасида муҳокама қилиниши назарда тутилган масалалар  кўриб чиқилмоқда

Сенат аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари доимий комиссиялари раислари, қўмита ҳузуридаги экспертлар гуруҳи аъзолари, мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасида коррупциянинг олдини олишга қаратилган “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги муҳим қонун муҳокама қилинди.

Қўмита аъзоларининг сўзларига кўра, айрим қонун ҳужжатларида манфаатлар тўқнашуви тўғрисида тушунтириш берилган бўлса-да, давлат органлари ва муассасаларида уларни амалга ошириш ва назорат қилишнинг аниқ механизмлари белгиланмаган, соҳада ягона амалиётни шакллантирувчи ваколатли орган мавжуд эмас, манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабар бериш амалиёти йўлга қўйилмаган ҳамда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунда давлат органларида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ёки уни бартараф этиш талаблари бузилишига йўл қўйган ходимлари, шунингдек, уларнинг раҳбарлари қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўлиши белгиланган бўлса-да, қонунчилик ҳужжатларида жавобгарлик масалалари назарда тутилмаган.

“Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун юқоридаги муаммоларни бартараф этиш билан бирга коррупциявий ҳолатларни келтириб чиқарувчи манфаатлар тўқнашуви соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилганлиги билан аҳамиятли ҳисобланади. Қонун билан манфаатлар тўқнашувининг тушунчаси, давлат хизматчиларининг мажбуриятлари ҳамда уни тартибга солиш бўйича аниқ механизмлар белгиланмоқда. 

Қонуннинг қўлланилиш доираси аниқлаштирилмоқда, яъни давлат ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, давлат муассасаларига, давлат унитар корхоналарига, давлат мақсадли жамғармаларига, шунингдек, устав фондида давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларига нисбатан, шунингдек, ўз устав фондида давлат органлари ёки бошқа ташкилотларнинг улуши жами 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга нисбатан татбиқ этилади.

Давлат ташкилоти фаолиятида манфаатлар тўқнашувини тартибга солишда ваколатли органлар белгиланмоқда. Эндиликда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, давлат ташкилотларининг одоб-ахлоқ комиссиялари, кадрлар бўлинмалари ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари манфаатлар тўқнашувини тартибга солишни амалга оширадиган органлар сифатида мустаҳкамланмоқда.

Шунингдек, қонунда давлат ташкилоти ходимларига нисбатан манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича чекловлар, манфаатлар тўқнашувига оид талабларни бузишнинг ҳуқуқий оқибатлари, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган ҳолда қабул қилинган ва тузилган битимларни суд тартибида ҳақиқий эмас деб топиш асослари, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйганлик учун жавобгарлик чоралари белгиланмоқда.

Сенаторлар қонуннинг амалиётга татбиқ этилиши манфаатлар тўқнашувини тартибга солишнинг аниқ қонуний механизми белгиланишига, манфаатлар тўқнашувини тартибга солишда давлат назорати амалга оширилишига, давлат хизматчиларининг бевосита раҳбарлари томонидан манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари юзага келганда тегишли чоралар кўрилишига, давлат хизматчилари томонидан содир этилиши мумкин бўлган коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олди олинишига эришилиши қайд этилди. Муҳокама якунида қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan