Аукцион савдолари бўлиб ўтгандан сўнг, сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарори бекор қилинган
Жорий йилнинг 28 август куни ижтимоий тармоқлар орқали “МИБ ходими 5 млн сўм қарз учун 3 хонали уйни аукционга чиқариб юбориши ва ғолиб деб топилган шахсга уйни ҳужжатлаштириб беришга шошилаётгани жудаям шубҳали…” мазмунидаги хабар эълон қилинди. Бюронинг Сурхондарё вилояти бошқармаси ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Аниқланишича, ФИБ Термиз туманлараро судининг 17.12.2021 йилдаги ижро варақасига асосан қарздор Умидулла Башировдан ундирувчи АТБ «Асака банк» Термиз филиали фойдасига 115 млн. 582 минг. 427 сўм кредит қарздорлигини ундириш ва ундирувни гаров мулки ҳисобланган Термиз шаҳар Олмазор кўчаси 3-уй 10-хонадонга қаратиш тўғрисидаги ижро ҳужжати Бюронинг Термиз шаҳар бўлими иш юритувига 06.01.2022 йилда қабул қилинган ҳамда 10 кунлик ихтиёрий муддат белгиланиб, қарздор огоҳлантирилган.
Шунингдек, қарздор У.Баширов ижро ҳужжатида кўрсатилган қарздорликни тўлиқ бартараф этиши акс ҳолда гаров мулки ҳисобланган яшаш хонадони аукцион савдолари орқали реализация қилиниши ҳақида 24.01.2022 йилда ва 10.04.2023 йилда шаҳар почта бўлими орқали огоҳлантириш хатлари юборилган.
Бундан ташқари, ижро ҳужжатида кўрсатилган қарздор У.Башировга тегишли Термиз шаҳар Олмазор кўчаси 3-уй 10-хонадон 18.04.2023 йилда гаров мулки давлат ижрочиси, ундирувчи банк ходими ва холислар иштирокида кўздан кечирилиб, хатловга олинган.
Гаров мулки 16.05.2023 йилда «Э-Аукцион» савдоларига чиқарилиши тўғрисида қарор қабул қилинган ва бу ҳақида шаҳар почта бўлими орқали қарздорнинг яшаш манзилига юборилган.
Шундан сўнг, гаров мулки аукцион савдоларига чиқарилиб, 26.06.2023 йилда ўтказилган аукцион савдосида ўз харидорини топмаганлиги сабабли, 07.07.2023 йилда қайта аукцион савдоларига чиқарилган ва 127 млн. 803 минг.57 сўмга сотилган.
Қарздор У.Баширов аукцион савдолари бўлиб ўтгандан сўнг, ФИБ Термиз туманлараро судига сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорини бекор қилиш юзасидан ариза берган ҳамда ФИБ Термиз туманлараро судининг 26.07.2023 йилдаги ажримига асосан ФИБ Термиз туманлараро судининг 17.12.2021 йилдаги ижро иши бекор қилинган.
Юқоридаги ФИБ Термиз туманлараро судининг 26.07.2023 йилдаги ажримига асосан бўлим иш юритувига ФИБ Термиз туманлараро судининг 17.12.2021 йилдаги ижро иши 28.07.2023 йилда Қонунинг 37-моддасига асосан бўлим иш юритувидан тугатилган.
Бундан ташқари, аукцион ғолиби бўлган фуқаро Термиз туманлараро маъмурий судига 03.08.2023 йилда Бюронинг Термиз шаҳар бўлимининг мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатини қонунга хилоф деб топиш ва мулкнинг топшириш мажбуриятини юклаш ҳақида ариза билан мурожаат қилган ва Термиз туманлараро маъмурий суди томонидан 28.08.2023 йилда фуқаронинг аризаси қаноатлантирилган.
Ҳозирда аукцион натижалари тўғрисидаги баённома ўз кучида бўлганлиги сабабли, қарздор У.Башировга мазкур аукцион баённомасини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида фуқаролик судларига мурожаат қилиши тушунтирилади, дейилади муносабатда.
Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилояти бошқармаси