ИЛМ-ФАН ЎЗБЕКИСТОН

Янгиланаётган ТерДУ: Сарҳисоб, истиқболли вазифалар

“Термиз давлат университети якунланган йилда ўқув, илмий, халқаро алоқалар, маънавий-маърифий, молиявий ва бошқа йўналишларда самарали фаолият юритиб, муайян ютуқларга эришди.

Жумладан, бундан уч йил муқаддам 9 факультет, 36 кафедрада 552 профессор-ўқитувчи 7 мингдан ортиқ талабага илм-фан сирларини ўргатган бўлса, ўтган йили факультетлар сони 15, кафедралар 43 тага етди. 660 нафар профессор-ўқитувчи 13 минг 397 талабага сабоқ берди. Уларнинг 30 га яқини фан докторидир. Айни пайтда университетда 57 та бакалавр, 25 та магистрлик йўналишларида малакали кадрлар тайёрланаётир.
2018 йил 5 нафар профессор-ўқитувчи диссертация ёқлаган бўлса, ўтган йили 23 нафар профессор-ўқитувчи, тадқиқотчи ва докторантлар илмий ишини муваффақиятли ҳимоя қилди. Маълумот учун, кейинги 9 йилда таълим муассасасида бирор ўқитувчи илмий ишини ҳимоя қилмаган. 2019 йилда вилоят ва университет тарихида илк бор илмий даражалар берувчи Илмий кенгаш фаолиятини бошлади. Жорий йилда улар сонини 7 тага ошириш режалаштирилган. Йил бошидан яна 2 та илмий кенгаш фаолиятини бошлайди.”

Бугун Термиз шаҳрида бўлиб ўтган матбуот анжуманида ТерДУ ректори, сенатор Абдиқодир Тошқулов журналист ва блогерларга, жамоатчилик вакилларига ушбу маълумотларни тақдим этди. Иштирокчилар томонидан университетнинг келгуси фаолиятига доир берилган саволларга батафсил жавоб берар экан, ректор “ТерДУни шаҳар ичидаги университет эмас, университет ичидаги шаҳар даражасига айлантиришимиз керак” – дея алоҳида таъкидлади.

Ф.Абдураззоқов