ЎЗБЕКИСТОН

“Uzbekistan Airports” ва “Ҳудудий электр тармоқлари” давлат харидларини амалга ошириш жараёнида Қонунни бузди

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги бюджет буюртмачилари томонидан махсус ахборот порталлари орқали амалга оширилаётган давлат харидларига оид эълонларда қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилаётганлиги аниқлангани ҳақда агентлик Ахборот хизмати маълум қилди.

Маълум қилинишича, вазирлик ва идоралар томонидан жорий йилнинг февраль ойида жами 4,35 трлн сўмлик 77 411 та давлат харидлари амалга оширилган бўлиб, шундан 234,2 млрд сўмлик 39 006 та харидлар электрон дўкон, 25,5 млрд сўмлик 1 895 та харидлар электрон аукцион, 203 млрд. сўмлик 2 103 та харидлар энг яхши таклифни танлаш, 107,5 млрд. сўмлик 521 та харид тендер, 1,5 трлн. сўмлик 9 989 та харидлар ягона етказиб берувчилар билан, 2,28 трлн. сўмлик 23 897 та харидлар тўғридан-тўғри шаклда амалга оширилган. 

Жумладан,  февраль ойида жами 25 млрд сўмлик қонунбузилиш ҳолатларини бартараф қилиш ҳамда келгусида шу каби ҳолатларига йўл қўймаслик ҳақида буюртмачиларга 26 та тақдимнома, шунингдек, аниқланган ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш учун тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.

Хусусан, “Uzbekistan Airports” АЖ буюртмачилигида 2023 йил 7 февраль куни 4,3 млрд сўмга жиҳозлар харид қилиш бўйича ўтказилган давлат хариди ўрганилганда “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуннинг 34-моддаси талабига зид равишда давлат харидлари жараёнида иштирокчиларга рақобатни чекловчи шартлар киритилганлиги аниқланган.

Шу каби “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Хоразм ҳудудий филиали буюртмачилигидаги 2023 йил 10 февраль куни 2,6 млрд сўмга “Темир-бетон устун” харид қилиш бўйича ўтказилган давлат хариди ўрганилганда “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуннинг 10,  14, 46-моддалари талаблари бузилганлиги маълум бўлди.

Шунингдек, Тошкент вилояти Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази буюртмачилигидаги 2023 йил 10 февраль куни 796 млн сўмга тиббий асбоб ускуналар сотиб олиш бўйича ўтказилган давлат харидида аффилланганлик ҳолатларига баҳо берилмаганлиги аниқланди.

Мазкур ҳолатларда харид комиссияси томонидан ўзаро аффилланган иштирокчилар харид қилиш тартиб-таомилларида иштирок этишдан четлатилмасдан Ўзбекистон Республикаси “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунининг 23-моддаси ва “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 14-моддаси талаблари бузилган.

Агентлик томонидан киритилган тақдимнома ва сўровномалар натижасида 12 та давлат хариди бекор қилинган ҳамда 7 та маъмурий иш қўзғатилган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan