СИЁСАТ

Марказий Осиёда Туркий давлатлар географик кенгаши тузилди

Тошкентда Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Венгрия, Қозоғистон ва Қирғизистон географик жамиятлари вакиллари иштирокида Туркий давлатлар географик кенгаши (ТДГК) таъсис мажлиси бўлиб ўтди. Йиғилишда кенгашни ташкил этиш тўғрисидаги битим имзоланди.

Мазкур кенгашни тузишдан кўзланган мақсад туркий забон илмий-тадқиқот институтлари ва жамоат бирлашмалари ўртасида ҳар томонлама ҳамкорликни янада такомиллаштиришдир. Шу билан бирга, география, ўлкашунослик ва бошқа турдош фанлар бўйича назарий ёки амалий иш билан шуғулланувчи барча ташкилот, муассасаларга кўмаклашиш, барча жабҳаларда биргаликдаги саъй-ҳаракатни мувофиқлаштириш назарда тутилган. Эндиликда аҳолининг географик ва экологик билимини мустаҳкамлаш, илғор илмий ғоялар ва ютуқларни кенг тарғиб қилиш, кенгашга аъзо мамлакатларда табиатни муҳофаза қилиш билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш, тегишли масалаларни ҳал этиш бўйича биргаликда фаол иш олиб бориш режалаштириляпти.

Бош қароргоҳи Тошкентда жойлашган Туркий давлатлар географик кенгашининг Бош котиби этиб уч йил муддатга Ўзбекистон Республикаси География жамияти раҳбари Ойбек Норинбоев сайланди.

Янги ташкил этилган кенгаш халқаро лойиҳалар, жумладан, фан, таълим, экологик таълим, иқтисодий ёндашув, маданият ва туризм соҳаларида ўзаро алоқани кенгайтириш, турк тарихига оид масалалар бўйича муштарак илмий позиция ишлаб чиқиш, экология кун тартибини таъминлаш ва кўзланган мақсадларга эришиш каби лойиҳаларда иштирок этади.

–Бугунги илк йиғилишда Тошкент шартномаси имзоланди ва келгусидаги ишларни амалга ошириш бўйича йўл харитаси ишлаб чиқилди, – дейди Ўзбекистон География жамияти раиси ўринбосари Шавкат Шарипов. –  Тузилган кенгаш аъзо давлатлар ўртасида илмий тадқиқот олиб бориш, ўзаро тажриба алмашиш имконини беради. Шунингдек, география соҳасидаги инновация, илм-фан янгиликлари билан ўртоқлашиш йўлга қўйилади. Иқлим ўзгаришининг табиий ва ижтимоий муҳитга таъсирини ўрганиш бўйича илмий иш қилинади. Эҳтимолий хавфли вазиятнинг олдини олиш, турли ҳолатга мослашиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, геодезия ва картография соҳасидаги тадқиқотларни ўзаро мувофиқлаштириш, Туркий давлатлар ҳудудидаги моддий ва номоддий мерос объектларини ўрганиш, қадамжолар ҳақидаги маълумотларни келажак авлодга етказиш кўзда тутилган.

Йиғилишда халқаро география олимпиадаларини ўтказиш, умумсайёравий, минтақавий ва маҳаллий экологик муаммоларнинг олдини олиш, мавжуд масалаларни бартараф этиш бўйича биргаликда чора-тадбирлар ишлаб чиқиш сингари устувор вазифалар белгилаб олинди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan