
Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани КҲАЙ – Шароф Рашидов кўчалари кесишган чорраҳада оммавий йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ маълум қилди.

Айтилишича, кеча, 27 апрель куни соат 13:40 ларда “КамАЗ”, Isuzu, Hоwо, “ЗИЛ” русумли юк автомашиналари ҳамда Lacetti, Tracker 2, Nexia 3, Epica, 2 та Cobalt ва 2 та Spark автомашиналари иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ЙТҲга “КамАЗ” русумли автоулов чорраҳага яқинлашаётган вақтда машинанинг тормоз тизимида носозлик юзага келгани сабаб бўлган.

Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида Cobalt автомашинасидаги йўловчи тан жароҳати олган. У шифохонага олиб борилган ва биринчи ёрдам кўрсатилган.

Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.