Россиянинг хориждаги активлари мусодара қилинишига Путин қандай жавоб чораси кўриши очиқланди

Россия Президенти Владимир Путин Россиянинг хориждаги активлари мусодара қилинган тақдирда жавоб чоралари тўғрисидаги фармонни имзолади. Тегишли ҳужжат Россиянинг ҳуқуқий ахборот расмий интернет порталига эълон қилинди.
Ҳужжатга кўра, хориждаги Россия мулкига бўлган ҳуқуқлар олиб қўйилган ёки чекланган тақдирда Россия Федерациясидаги “дўстона бўлмаган мамлакатлар” активлари учун ташқи бошқарув жорий этилади.
Тегишли чоралар Россия фуқаролари ва компанияларининг мулкини мусодара қилишга ҳам тегишли.
Қайд этилишича, фармон АҚШ ва бошқа мамлакатларнинг Россия Федерацияси, унинг компаниялари ва фуқароларининг мулкий ҳуқуқларидан маҳрум этиш ёки чеклашга қаратилган “ноқонуний ҳаракатлари”га жавобан шошилинч чоралар кўриш зарурати билан боғлиқ.
Айтилишича, Россиядаги “дўстона бўлмаган мамлакатлар” активларини вақтинча бошқариш Президент қарори билангина тугатилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Россия 49 мамлакатни “дўстона бўлмаган давлатлар” рўйхатига киритганди. Шундай давлатлардан Австрия Россияга қарши санкциялар доирасида тахминан 2 миллиард евролик молиявий активларни музлатиб қўйди.Европа Иттифоқида эса Россия Федерацияси Марказий банкининг 300 миллиард евролик активлари ва россиялик тадбиркорларнинг 20 миллиард еврогача бўлган активлари музлатиб қўйилган.