ХАБАРЛАР

Бугунги кунда аҳолига шакар 11 500—14 000 сўмдан, айрим олис ҳудудларда 12 000—15 000 сўмгача чакана нархларда реализация қилинмоқда — Рақобат қўмитаси

Ўзбекистон аҳолисининг йиллик эҳтиёжини барқарор таъминлаш учун зарур даражада шакар маҳсулоти мавжуд. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси маълум қилди.

Қайд этилишича, шакар маҳсулотини ишлаб чиқарувчи ва реализация қилувчи маҳаллий тадбиркорларнинг 2023 йилдаги фаолиятида вужудга келиши мумкин бўлган хавф-хатарларнинг олдини олиш бўйича ҳукумат томонидан зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.

Бугунги кунда маҳаллий шакар заводлари шакар хомашёсини жаҳон биржа котировкаларига нисбатан арзон нархларда Бразилия давлатидан харид қилмоқда.

Хусусан, 15 апрель ҳолатига мазкур заводларда 357 минг тонна шакар маҳсулоти ресурслари мавжуд ҳамда арзон нархларда хомашё етказиб бериш бўйича узоқ муддатли шартномалар имзоланган. Шундан, омборда 8 минг тонна тайёр шакар ва 78 минг тонна хомашё, июн ойига қадар 271 минг тонна хомашё етказиб берилади.

Шунингдек, ички бозорни шакар маҳсулоти билан узлуксиз таъминлаш мақсадида маҳаллий шакар ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ишлари олиб борилмоқда ва биринчи босқичида (1 майга қадар) шакар ишлаб чиқариш қувватларини ўтган йилга нисбатан 25 фоизга оширилиши, натижада суткасига 2,5 минг тоннагача шакар ишлаб чиқарилиши режалаштирилган. Бунда, йиллик шакар ишлаб чиқариш 600 минг тоннадан 1 миллион тоннагача ошиши кутилмоқда.

“Республика аҳолисини етарли миқдорда ва мақбул нархларда шакар ва ун маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича ҳукумат томонидан зарур чоралар кўрилган”, — дейилади хабарда.

Маълумот учун, бугунги кунда аҳолига шакар 11 500—14 000 сўмдан, айрим олис ҳудудларда 12 000—15 000 сўмгача чакана нархларда реализация қилинмоқда.

“Хулоса қилиб айтганда, Республика аҳолисининг йиллик эҳтиёжини (ўртача 650 минг тонна) барқарор таъминлаш учун зарур даражада (1 миллион тонна) шакар маҳсулоти мавжуд ва ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ”, — дея таъкидланади хабарда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan