ДУНЁ

Туркия коинотга биринчи миллий кузатув сунъий йўлдошини учиради

Эртага, 11 апрель куни Туркиянинг биринчи кузатувчи сунъий йўлдоши IMECE коинотга учирилади. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ўз Twitter саҳифасида маълум қилди.

“Бизнинг мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, юқори аниқликдаги суратга олиш қобилиятига эга биринчи IMECE кузатув сунъий йўлдошимиз 11 апрель куни ўз орбитасига чиқарилади. Биз ресурсларимиз, имкониятларимиз ва технологиямиз билан глобал космик пойгада олдинга силжишда давом этамиз”, деб ёзади Эрдўған.

Қурилма Туркия космик технологиялар тадқиқот институти муҳандислари томонидан ишлаб чиқилган. Лойиҳани амалга ошириш 2017 йилда бошланган.

Маҳаллий нашрларнинг хабар беришича, жорий йилнинг 21 февраль куни сунъий йўлдош АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари базасига юборилган. Бироқ Қаҳрамонмарашдаги зилзилалардан кейин мамлакатда юзага келган вазият туфайли маросим ўтказилмаган.

Маълумот учун, IMECE – TÜBİTAK Uzay  космик технологиялар тадқиқот институти томонидан ишлаб чиқилган Ерни кузатиш сунъий йўлдоши. У 680 км баландликда қуёш билан синхрон орбитага чиқарилса, қурилма юқори аниқликдаги тасвирларни батафсил суратга олиш имкониятига эга бўлади. Сунъий йўлдош мудофаа сектори эҳтиёжлари, табиий офатларни бошқариш ва иқлим ўзгаришини кузатиш учун маълумот тўплайди. Унинг хизмат қилиш муддати беш йилни ташкил қилади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan