Туркиянинг Болу вилоятидаги Grand Kartal меҳмонхонасида 78 кишининг ҳалок бўлишига олиб келган ёнғин ошхонадан бошлангани тахмин қилинмоқда.

Ошхона ходимлари грилни узоқ вақт ёқиб қўйишган ва унда иссиқ ёғ таъсирида ёнғин бошланган.
Бу ҳақда Sabah газетаси хабар берди.
Терговчиларга келиб тушган маълумотларга кўра, ёнғин соат 03.21 да бошланган. Ошпаз ва бир неча ходимлар ёнғинни ўт ўчириш воситаси ўрнига сув билан ўчиришга ҳаракат қилишган. Шу сабабдан ёнғин янада кучайган.
“Ёнғин мўрига узоқ вақт тозаланмаган тортиб олгич орқали кириб келган ва у ердан тезда меҳмонхона томига етиб борган”, деб хабар беради нашр. Газетанинг таъкидлашича, ошхона ходимлари ваҳима тушиб, меҳмонхонадан югуриб чиқиб кетишган, меҳмонлар эса ёнғин сигнализацияси ишламаётгани сабабли ёнғин ҳақида ўз вақтида хабар ололмаган.
Ошпазлардан бирининг хабар беришича, улар тахминан 40 дақиқа давомида ўзлари мустақил тарзда ёнғинни ўчиришга ҳаракат қилишган, бироқ улар ҳеч қандай ўт ўчириш мосламасини кўрмаган. Унинг сўзларига кўра, ошхона ходимлари меҳмонхона деразасидан сакраб тушаётган бир неча кишини остига матраслар қўйиш орқали уларни қутқариб қолишган.
Меҳмонхонадаги ёнғин зинапоялари тўсиб қўйилган ва бундай биноларда мажбурий бўлган ёнғин ўчириш тизими мавжуд эмаслиги қурбонлар сонининг ортишига сабаб бўлди, деди аввалроқ фавқулодда вазиятлар ва меҳнат хавфсизлиги бўйича эксперт Ҳожи Латиф Ишчан.
Ёнғин бўйича 18 киши ҳибсга олинди, деб хабар беради report.az.