ЖАМИЯТ

Деновда 841,7 миллиард сўмлик йирик саноат лойиҳалари амалга оширилади

Сурхондарё вилоятининг ҳар бир шаҳар ва туманларда мавжуд имкониятлар ва захиралар ҳисобига ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича йилдан йилга самарали ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан Денов тумани мисолида оладиган бўлсак, биргина бу йилнинг ўзида умумий қиймати 841,7 миллиард сўмлик тўртта йирик саноат лойиҳасини амалга ошириш ва шу орқали икки мингдан ортиқ доимий иш ўрни яратиш мақсад қилинган.

Шунингдек, 27,2 гектар майдонда 3 та саноат зонаси қуриб, улар таркибида ҳам 45 та саноат лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Айни пайтда 6,2 гектар майдондаги иккита саноат зонасида қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

“Қўзичоқли” маҳалласи ҳудудидаги “Ургут эркин иқтисодий зонаси” Денов филиалида маиший электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳисобига 500 нафар фуқаро янги иш ўрнига эга бўлди. “Номозгоҳ” маҳалласи ҳудудидаги 18,3 гектар майдонда 1715та тадбиркорлик субеъктини ўз ичига оладиган йирик савдо ва хизмат кўрсатиш комплекси барпо этилмоқда.

Бу каби кенг ислоҳотлар билан журналистларни таништириш мақсадида Денов тумани ҳокимлиги ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Сурхондарё вилоят бўлими ҳамкорликда медиа-тур ташкил қилди.

Дастлаб оммавий ахборот воситалари ходимлари учун туман ҳокимлиги биносида матбуот анжумани ташкил қилинди. Унда Денов тумани ҳокими Илҳом Аброров 2023 йилда ижтимоий-йиқтисодий ривожлантириш масалаларида олиб борилаётган ишлар борасида ҳисобот берди.

Шунингдек, Халқ депутатлари Денов тумани Кенгаши котибияти мудири Муҳаммади Абдураимов Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг шу йил 10 мартдаги ҳамда Сенатининг 14 мартдаги қарорларига кўра жорий йилнинг 30 апрель куни “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Референдуми ўтказилиши бўйича тумандаги участкаларда кўрилган тайёргарлик ҳақида маълумот берди.

Шундан сўнг, 93 таси умумий ўрта таълим мактабларида, 7 таси коллеж, лицей ва техникумларда, 6 таси тиббиёт муассасалари ва бошқа ташкилот ва корхоналарда тузилган сайлов участкаларини фаолияти билан таниш мақсадида илк манзилда медиа-тур иштирокчилари тиббиёт коллежида бўлиб ўтаётган референдум тарғибот тадбири ва 82 мактабда ташкил қилинган 610-сайлов участкасига боришди.

Шу билан бирга 82-мактабда ўқувчилар учун ташкил қилинган инглиз, япон, корейс тили ўқув хоналари ва кичик музей билан танишди. Кейинги манзилда ОАВ вакиллари “Обод маҳалла” дастури бўйича 500 миллион сўм маблағ эвазига қурилган “Сўфи Оллоёр” маҳалла фуқаролар йиғини биносининг очилиш маросимида ҳам иштирок этишди.

Айтиш керакки, олдинлари ижара биносида фаолият олиб борган маҳалла ходимларига янги бино қурилиши енгиллик берди ва эндиликда 970 та хонадонда истиқомат қилаётган 5055 нафар аҳолининг узоғини яқин қилди.

Навбатдаги манзилда ОАВ вакиллари истиқболли лойиҳалар билан танишиш мақсадида “Буюк келажак” маҳалласига ташриф буюришди. Журналистларни эътиборини тортгани маҳалла массивидаги кўп қаватли уйларнинг ертўла қисмидан унумли фойдаланган холда хорижий тил курслари, гимнастика машғулот хоналари ташкил қилинганидир. Янгича кўринишдаги табдиркорлик лойиҳаси бугунги кунда ўз самарасини бераётганлигини уларнинг фаолияти мисолида яна бир бор кўриш мумкин.

Шундан сўнг журналистлар соғлиқни сақлаш йўналишида аҳолига янги технологиялар асосида, 9 млрд сўм маблағ асосида бунёд этилган “Шифо мед” клиникаси бўлишиб, 100 ўринли, 30 нафар малакали шифокор ва хамширалар фаолият олиб бораётган клиникада беморларни қабул қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш сифати билан танишишди.

Кейинги манзилда иштирокчилар 4 гектарли помидор махсулотларини етиштириш билан шуғулланувчи “Денов Шарқ мўжизаси” МЧЖ фаолияти билан танишишди. Ушбу лойиҳа 900 минг доллар маблағ асосида бунёд қилиниб, унда 35 нафар малакали мутахассилар ишламоқда.

Кўчаров Ботир. Ёш бўлишига қарамай масъулияти чекланган жамиятни ташкил қилиб, аҳолига ойналарга сифатли ишлов бериш хизматини кўрсатиб келмоқда. 2022 йил охирида ташкил қилинган корхона 5 млрд 900 минг сўм миқдорда Хамкорбанк кредити асосида фаолият олиб бормоқда. Медиа-тур давомида ушбу корхонага ҳам ташриф буюрган журналистлар ойналарни саралаш ва уларга бежирим ишлов бериш жараёнларини кузатишди.

Бир кунлик ҳамкорликда ташкил қилинган медиа-тур давомида журналистлар биргина Денов тумани мисолида юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ва истиқболли лойиҳаларнинг бугунги кунда бераётган натижаларини билан яқиндан танишиш имконига эга бўлишди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan