ЎЗБЕКИСТОН

Тошкент аэропортида илк бор меҳмонхона очилади (фото)

Тошкент аэропортида биринчи марта кичик меҳмонхона пайдо бўлади. Uzbekistan Airports унинг суратларини тақдим қилди

Маълум бўлишича, тез орада стерил зонадаги яна бир блок фойдаланишга топширилади. У ерда ҳаммом, таҳоратхона ва намозхоналар, “Анжир” бизнес-зали ва Ўзбекистон аэропортларида биринчи бор кичик меҳмонхона очилади.

“Бу шунчаки “капсулалар” эмас, балки тўлиқ бир кишилик тўшак ва минимал аксессуарлар тўплами — чироқ, кийим илгич, қўл юки учун жавон, стол бўлган кичик қулай кабиналар бўлади. Бундай кабиналарнинг моҳияти шундан иборатки, йўловчи кутиш вақтида аэропортдан ва транзит зонадан чиқмасдан бир неча соат давомида унда қолиб дам олиши мумкин”, — дейилади компания матбуот хизмати хабарида.

Меҳмонхонага ташриф буюрувчилар учун маълумот таблоси, ҳаммом ва ювиниш хонаси тақдим этилади, қабулхона кечаю кундуз ишлайди ва ҳар бир йўловчига самолётга чиқиш учун индивидуал таклифнома тақдим этилади. 

Икки қаватли меҳмонхонада 27 та хона бўлади. Биринчи қаватда қабулхона, ҳаммом ва ювиниш хонаси жойлашади. 

Меҳмонхона яқинда очилган Аrt Bazaar савдо павильони каби шарқона услубда қурилади. Лойиҳа устида ишлаш учун таниқли дизайнер Бобур Исмоилов таклиф этилган.

“Пойтахт аэропорти кўз ўнгимизда замонавий халқаро марказга айланмоқда, унинг ўзгаришига ўз ҳиссамни қўшганимдан жуда хурсандман. Бизнинг меҳмонхонамиз дунёнинг кўплаб аэропортларидаги ўхшаш меҳмонхоналарга қараганда бутунлай бошқача услубда яратилган. Биз хоналарда шарқона кўриниш ва ҳашаматни, шунингдек, Европа минимализми ва ихчамлигини сақлашга ҳаракат қилдик. Афсуски, ҳар бир транзит йўловчи Ўзбекистонда қолиб, қадимий шаҳарлар ва маданиятни кўра олмайди. Шундай экан, мақсадимиз айнан аэропортда ҳақиқий шарқона муҳит яратиш эди”, — дейди Бобур Исмоилов.

Меҳмонхонани соҳа профессионаллари (меҳмонхона/меҳмонхона тармоғи) бошқарувига ўтказиш режалаштирилган. 

Ҳудудни ижарага олиш учун тегишли лот “E-auksion” электрон платформасида жойлаштирилган. Меҳмонхонанинг умумий майдони 240 кв метр, бошланғич йиллик қиймати 325 млн сўм. 

Аукционда белгиланган техник топшириқларга жавоб берадиган барча компаниялар иштирок этиши мумкин.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan