ЎЗБЕКИСТОН

9-Сурхондарё округ комиссиясида журналистлар учун матбуот анжумани ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Референдумини ўтказувчи 9-Сурхондарё округ комиссиясида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган анжуманда округ комиссияси раиси Абдусалом Хўжақулов ахборот берди.

Таъкидландики, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг шу йил 10 мартдаги ҳамда Сенатининг 14 мартдаги қарорларига кўра жорий йилнинг 30 апрель куни “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Референдуми ўтказилади.

Мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим тарихий воқеага 9–Сурхондарё округ комиссияси ҳудудида ҳам тегишли ҳозирлик кўрилмоқда. Жумладан, округ комиссияси учун Термиз шаҳрида барча шароитларга эга бино ажратилиб, зарур жиҳозлар билан таъминланди. Референдумларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда етарли иш тажрибасига эга, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролардан комиссия раиси, ўринбосари ва котиби, 18 нафар аъзодан иборат комиссия аъзоси маъқулланди.

Округ ҳузурида матбуот маркази ташкил этилиб, аъзолари сайланди.

Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси Референдуми тўғрисида»ги  қонуни 20-моддасига асосан комиссияга туман ва шаҳар ҳокимлари тақдим этган референдум участкалари бўйича тақдимномалари кўриб чиқилиб, округ ҳудудида кўра, 860 та референдум участкасини тузишга қарор қилинди.

-Бунда референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларга кўпроқ қулайлик яратиш учун туманлар ва Термиз шаҳри чегаралари инобатга олиниб, референдум участкалари ташкил этилди,–деди округ комиссияси раиси А.Хўжақулов.– Бу участкаларнинг участкаларнинг 685 таси умумий ўрта таълим мактабларида, 58 таси коллеж, лицей ва техникумларда, 13 таси маҳалла фуқаролар йиғинларида, 19 таси тиббиёт муассасалари, санаторий ва дам олиш масканларида тузилди. Еттитаси олий ўқув юртлари биноларида, 25 таси давлатга қарашли корхона ва ташкилотларда, 33 таси адлия, давлат хизматлари, маданият ва спорт марказларида, 16 таси ҳарбий қисм ва озодликдан маҳрум этиш муассасаларида, 4 таси тадбиркорлик субьектлари биноларида фаолият юритади. Участкалар рўйхати вилоятдаги оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди.

Миллий қонунчилигимизга кўра, мавжуд референдум участкаларининг самарали фаолият юритиши учун халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашлари сессияларида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхона, ташкилот ва муассасалар томонидан участка комиссиялари аъзолигига тавсия қилинган номзодлар кўриб чиқилиб, муҳокама этилиши керак. Бу жараёнда ҳам номзодларнинг эл орасида ҳурмат–обрўга эгалиги, сайлов ва референдум ўтказишда етарли тажрибаси борлиги эътиборга олинади. Шу кунларда ҳудудларда бўлиб ўтаётган сессияларда ана шу масала кўриб чиқилиб, аъзоликка номзодларни тасдиқлаш учун округ комиссиясига тавсия этилади.

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Референдумини ўтказувчи 9-Сурхондарё округ комиссияси ўз фаолиятини референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича календарь иш режаси асосида олиб бормоқда.

Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш юзасидан ҳам фикр алмашилди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan