ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Вазирлик собиқ ходимга нисбатан суд ҳукмини шарҳлаш ваколатига эга эмас — Адлия вазирлиги Хоразмда рўй берган воқеа юзасидан муносабат билдирди

Адлия вазирлиги тизимида ишлаётган ходимларнинг, хусусан, раҳбарларнинг давлат хизматчиси обрўсига путур етказиши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракат содир этишдан тийилиши, уларни жамият ўрнатилган ахлоқ нормаларига риоя қилиши юзасидан мунтазам чоралар кўриб боради.

Шу билан бирга, кўп минг сонли ходимларнинг ҳар бирини ишдан ташқари вақтда одоб-аҳлоқ қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш имконияти чекланган. 
 
Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарда қайд этилган вазирлик ҳудудий бошқармаси раҳбарининг на қонунларга, на ахлоқ ва қадриятларга мос келмайдиган ҳаракатлари бизни чуқур ларзага солди. Ушбу жиноий ҳаракат ҳақидаги бизга маълум бўлган вақтидаёқ у лавозимидан озод этилган. Унга нисбатан тегишли суд ҳукми чиқарилиб, жиноий жавобгарликка тортилган.
 
Қонунчиликка кўра судлар ўз фаолиятини давлат органлари ва ташкилотлари мансабдор шахсларидан мустақил равишда олиб боради, ўз ҳукм-қарорларини мустақил равишда чиқаради. Шу сабабли Адлия вазирлиги собиқ ходимга нисбатан суд ҳукмини шарҳлаш ваколатига эга эмас. 
 
Такидлаш жоизки, яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан аёллар ҳамда вояга етмаганларни зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган ўзгартиришлар тўплами, кенг жамоатчилик вакиллари билан бамаслаҳат, маромига етказилган ҳолда қабул қилинди.
 
Ушбу ўзгартиришларга асосан, жинсий жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан жавобгарлик янада кучайтирилмоқда, мазкур шахслар учун жазо тайинлашни енгиллаштирувчи ҳолатлар, шу жумладан, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилишни қўллаш тақиқланмоқда.

 Мазкур қонун ҳозирда Сенатда кўриб чиқиш учун тайёрланмоқда.
 
Адлия вазирлиги жамиятда хотин-қизлар, хусусан, вояга етмаган ва имконияти чекланганларни ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан  барча фаоллар билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини маьлум қилди, дейилади Вазирлик хабарида.   

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan