ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Хоразмда Адлия ва ФВБ бошлиқлари Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан жинсий алоқада бўлиб келган

Хоразм вилоятида оилавий болалар уйи раҳбари уч нафар вояга етмаган тарбияланувчини 10 ой давомида вилоят адлия бошқармаси ва туман фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиқлари билан жинсий алоқада бўлишга мажбурлагани айтилмоқда. Бу ҳақда зўравонликка қарши курашувчи “Немолчи.уз” лойиҳаси маълум қилди.

«Daryo.uz»нинг «Gazeta.uz»га таяниб ёзишича, гап Хоразм вилоятида жойлашган Меҳрибонлик уйи ҳақида кетмоқда. Унинг мудираси ва икки идора бошлиқларига нисбатан қўзғатилган ишни кўриб чиққан суд мажлиси 2022 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган.

Лойиҳа маълумотларига кўра, Меҳрибонлик уйи мудираси ғамхўрлиги остида бўлган уч қизни танлаб олиб, 10 ой давомида (2021 йил майдан 2022 йил февралга қадар) “моддий манфаат учун уларни турли эркаклар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаган”.

“Масалан, 2021 йилнинг майида мудира ҳали 16 ёшга тўлмаган Р.ни танишларидан бири билан ётишга мажбурлаган. Қиз буни истамасдан, қаршилик кўрсатган, шунда мудира ошхонадан ўқловни олиб келиб, қизнинг вояга етмаган укасини бошқалар кўз-ўнгида калтаклай бошлаган. Қизнинг иродасини синдирган аёл кейинчалик уни ўзи буюрган барча эркаклар билан ётишга мажбурлаган”, — деб ёзади “Немолчу.уз”.

Вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи ўз ваколатидан фойдаланиб мудиранинг муаммоларини ҳал этишни ваъда қилган, 2021 йил апрелда унга хайрия мақсадида принтер совға қилган (у Адлия бошқармаси балансида бўлган ва ишда фойдаланилган, кейинроқ яроқсиз ҳолатда чиқарилган).

“Бу каби хайриядан икки ҳафта ўтиб, эркак болалар уйи мудирасидан ўзининг жинсий эҳтиёжларини қондириш учун қиз беришини сўраган. Шунда аёл 17 ёшли етим қиз — А.ни танлаган ва унга овқат бермай қўйган, бошқа болалардан ажратган, ташқарига чиқишини тақиқлаган, кейин бўлса, қизга вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи билан ётиши кераклигини, чунки у А.га 250 минг сўмга спорт оёқ кийимини олиб берганини айтган. Натижада эркак қиз билан ётган, жинсий алоқа учун эса Адлия бошқармаси ходимларига хизмат уйи сифатида ажратилган квартирадан фойдаланган”, — дейилади лойиҳа материалида.

Икки ойдан кейин, 2021 йил июнда Адлия бошқармаси бошлиғи “мудирадан яна қиз талаб қилган ва ўша квартиранинг ўзида 15 ёшли А., кейинроқ 16 ёшли Д. билан ётган”.

“Бу каби воқеалар қайта-қайта такрорланган… 10 ой давомида вилоят Адлия бошқармасининг хизмат квартирасидан идора бошлиғининг вояга етмаган қизлар билан жинсий алоқалари платформаси сифатида фойдаланилган”, — дея таъкидланади материалда.

Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи ҳам Меҳрибонлик уйи мудирасининг муаммоларини ҳал этишга ваъда берган. Май бошида у ҳомийлик ёрдами сифатида диван, шкаф, ошхона столи совға қилган болаларга турли ширинликлар тарқатган.

“2021 йил июнда эса ёрдами эвазига жинсий алоқа учун қиз талаб қилган ва юқоридаги 17 ёшли Р. билан Меҳрибонлик уйи ётоқхонасида ётган. Июнь охирида у болалар уйи мудирасига 200 минг сўм бериб, яна қиз билан ётган. Шундан кейин Меҳрибонлик уйига озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимликлар олиб келиб, 15 ёшли А.ни жинсий алоқа қилишга мажбурлаган. Қизлар бир неча бор ушбу эркак билан жинсий алоқага мажбурланган, учрашувлар Меҳрибонлик уйларининг ўзида ва бошқа жойларда ташкиллаштирилган”, — дейилади материалда.

Маълум қилишича, судда барча айбланувчилар “қизларни ҳеч ким мажбурламагани, улар ўз хоҳиши билан бу ишларни қилганини” айтган.

Сентябрь ойида биринчи инстанция Меҳрибонлик уйи мудирасини Жиноят кодексининг 135-(одам савдоси), 167-(ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш) ва 209-моддалари (мансаб сохтакорлиги) билан айбли деб топиб, 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш бўйича ҳукм чиқарган.  

Адлия бошқармаси ва Фавқулдда вазиятлар бўлими бошлиқлари Жиноят кодексининг 128-моддалари (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) билан айбли деб топилган.

Улар 1 йил 6 ой муддатида озодликни чеклаш жазосига тортилган. Уларга соат 22:00 дан 06:00 гача уйдан чиқиш, яшаш жойини пробация органлари билан келишмаган ҳолда ўзгартириш ва ўзлари яшаётган вилоят ҳудудини тарк этиш тақиқланган.

2022 йил декабрь ойида апелляция суд инстанцияси тайинланган жазони ўзгартиришсиз қолдирган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan