ЎЗБЕКИСТОН

ОИЛА МУҚАДДАС ДАРГОҲ

Оила мустаҳкам бўлса, жамият ҳам осойишта бўлади. Оилаларда парокандалик бўлса, жамиятнинг ҳам тинчи йўқолади ва таназзулга юз тутади. Бахтли оилалар туфайли бахтиёр жамият шаклланади.
Оилада юксак маънавий муҳитни ташкил этиш жуда муҳим. Бунда оила аъзоларининг, айниқса, эр ва хотиннинг ўзаро муроса-мадорага бориши, ғазаби келганда уни енгиши ва ширин сўзли бўлиши, шу билан бирга, оилавий сирларни кўчага олиб чиқмаслиги сингари бир қатор омиллар жуда катта аҳамият касб этади.

Хусусан, фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро судига даъвогар Лазиз Ахатов (исм, шарифлар ўзгартирилган) даъво ариза билан мурожаат қилиб, унда жавобгар Санобар Ахатова билан
2020 йилда қайд этилган никоҳларидан ажратишни сўраган.
Аниқланишича, даъвогар Лазиз Ахатов ва жавобгар Санобар Ахатовалар 2020 йил 23 август куни қонуний никоҳдан ўтиб турмуш қуришган.

Биргаликдаги турмушларидан бир нафар 2021 йилда туғилган Нафиса исмли фарзандлари бор.

Даъвогарнинг даъво аризасига кўра ўзаро келишмовчиликлар ва рашк туфайли жавобгар билан тарафлар 2022 йил сентябрь ойидан бошлаб бир оила бўлиб яшамайди, тарафларнинг бир нафар фарзанди жавобгарнинг қарамоғида.

Суднинг ажрими билан эр-хотинга ярашиб олишлари учун 4 ой мухалт берилган, бироқ берилган мухлат давомида оила тикланмаган, тарафлар оилани сақлаб қолиш учун ҳаракат қилмаган.
Судья томонидан ажрим ёқасига келиб қолган оила вакилларига тушунтириш тарғибот ишларини олиб борилиши натижасида бир нафар фарзандининг келажагига бефарқ бўлмаган даъвогар Л.Ахатов турмуш ўртоғи билан ярашиб олганлиги сабабли даъво аризасини иш юритишдан тугатишни сўраб мурожаат қилган.

Суднинг ажрими билан даъвогар Л.Ахатовнинг даъво аризасидан воз кечиши қабул қилиниб, даъво ариза иш юритишдан тугатилди. Натижада мазкур оилани ажралиб кетиши ҳамда фарзандининг тирик етим бўлиб қолишининг олди олинди.

Биробарин, ҳар бир оилани сақлаб қолишга ҳар биримиз масъулмиз.

Рухиддин Пирназаров
Фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро судининг судьяси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan