ЖАМИЯТ

Фермер хўжалигида ер участкасининг ўлчами ва чегаралари кимнинг розилиги билан ўзгартирилади?

Фермер хўжалиги давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин ташкил этилган деб ҳисобланади. Унинг муассиси ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш тўғрисида шартнома тузади.

Фермер хўжалигининг бошлиғи – бу фермер хўжалигининг муассиси —яъни  фермер ҳисобланади. Ўн саккиз ёшга тўлган, қишлоқ хўжалигида тегишли малака ёки иш тажрибасига эга бўлган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси фермер бўлиши мумкин.

Фермер хўжалигининг бошлиғи бошқа юридик ва жисмоний шахслар билан муносабатларда фермер хўжалиги номидан иш кўради. Фермер хўжалиги бошлиғининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини бошқа шахсга ўтказиш тақиқланади, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Фермер хўжалиги бошлиғининг фамилияси, исми, отасининг исми ва унинг яшаш жойи фермер хўжалиги уставида ҳам кўрсатилган бўлиши керак.

Ер участкасининг ўлчами ва чегаралари фақат фермер хўжалиги бошлиғининг розилиги билан ўзгартирилиши мумкин.

Агар фермер хўжалиги бошлиғи вафот этган тақдирда, ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи қонунчиликка мувофиқ ижарага олиш шартномасининг амал қилиш муддатига мерос бўйича ўтади.

Бундан ташқари, фермер хўжалиги бошлиғи пенсия ёшига тўлганда ёки меҳнат қобилиятини йўқотганда, шунингдек муддатли ҳарбий хизматга чақирилган, олий таълим муассасаларига кундузги ўқишга қабул қилинган, сайлаб қўйиладиган лавозимларга сайланган тақдирда, ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини ижара шартномасига ўзгартиришлар киритиш орқали ушбу Қонун  талабларига жавоб берадиган ўз оила аъзоларидан бирига қонунчиликка мувофиқ ижара шартномаси амал қиладиган муддатга беришга ҳақли. Ушбу ўзгартиришлар орқали ваколат берилган оила аъзоси фермер хўжаликнинг раҳбари ҳисобланади.

Фермер хўжаликларининг ташкил этилиши, фаолияти, қайта ташкил этилиши ва тугатилиши соҳасидаги муносабатлар 26.08.2004 йилдаги Ўзбекистон Республикаси  “Фермер хўжаликлари тўғрисида”ги Қонуни асосида тартибга солинади.

А.Мирзаев, Олтинсой туман Адлия бўлими Давлат хизматлари маркази етакчи мутахассиси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan